Суперлига 6-турида жамоамиз АГМК дарвозасини ишғол қила олмади.
Ўйинда жамоамиз тўлиқ устунликка эга бўлди, аммо рақиб дарвозасини ишғол қилишда яна хатолар кузатилди. Биринчи бўлимда Турғунбоев икки бор қулай вазиятдан зарба берди, бироқ ҳар икки ҳолатда Азизнинг зарбаси ноаниқ чиқди. Бир қатор кескин вазиятларда эса зарба бериш ҳолатида футболчиларимиз буни уддалай олишмади.
Иккинчи бўлим бошида яна Турғунбоевда қулай имконият бўлди. Бу сафар у тўпни яхши тўхтата олмагани сабабли зарбаси аниқ чиқмади. Меҳмонлардан Боакйенинг аниқ уринишидан сўнг Қувватов тўпни қайтарди. Кейин эса Рашидовнинг кучли зарбаси салгина ноаниқ чиқди. Бўлим ўрталарида Мираҳмадовнинг икки аниқ зарбасидан сўнг рақиб посбони тўпни қайтариб юборди. 79-дақиқада ҳакам Аъзамовни майдондан четлатди. Ўйин охирида Мираҳмадов боши билан йўллаган зарба ноаниқ бўлди. Ўша ҳолатда рақиб дарвозабони Лариннинг бошига очиқчасига зарба бергани ҳакам эътиборидан четда қолди. Ўн футболчи билан ҳам тўлиқ ташаббусга эришган бўлса-да, "Пахтакор" вазиятлардан самара чиқара олмади.
"ПАХТАКОР" - АГМК - 0:0
2 май. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 1538 томошабин.
Ҳакамлар: Ф.Норсафаров, Р.Нугмонов, Ш.Аъзамов, Д. Мирзараимов.
Назоратчи: О.Дачев.
VAR ҳаками: А.Рисқуллаев.
VAR ассистенти: А.Шукуруллаев.
Комиссар: Б.Арипов.
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Ларин, Аъзамов, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев, Рашидов (Эркинов, 63), Шаркич (Файзуллаев, 73), Турғунбоев (Хаджиев, 83), Мираҳмадов.
АГМК: Эргашев, Аҳмадалиев, Раҳмонов, Исмоилов, Комилов, Абдуллаев, Турсунов (Қосимов, 67), Жалилов (Ҳақназарий, 73), Гадоев (Тошматов, 67), Ғиёсов, Боакйе (Касьян, 87).
Огоҳлантиришлар: Шаркич, 4. Абдуллаев, 23. Собирхўжаев, 34. Турсунов, 60. Аъзамов, 79. Комилов, 82.
Четлатиш: Аъзамов, 79.