Чемпионлар Лигаси 5-тур ўйинида "Пахтакор" яхши ўйин намойиш этган ҳолда яна вазиятлардан фойдаланмаслик қурбонига айланди.
Черан ва Алибоевнинг йўқлиги сабабли ярим ҳимоя ва ҳужумда ўзгаришлар юзага келди. Қанотларда Рашидов ҳамда Турғунбоев ҳаракат қилди. Ҳужум ортида Шаркич, ҳужумда эса Эркинов ўйнади. Биринчи бўлимда нисбатан ёпиқ футбол кузатилди. Яққол вазият Ҳамробековда бурчак зарбасидан кейин юзага келди. У тепган тўп дарвозага бораётган пайтда ҳимоячи вазиятни бартараф қилди.
Иккинчи бўлимда голли вазиятлар борасида жамоамизда яққол устунлик кузатилди. Турғунбоевнинг икки бор боши билан йўллаган зарбалари хавфли чиқди. Азизнинг жаримадан тепган тўпи ҳам дарвоза ёнидан ўтиб кетди. Шунингдек, бир ҳолатда Шаркич икки рақибдан ўтиб кетиб, тўпни дарвоза олдига қулай тарзда оширди. Бироқ бу вазиятда деярли бўш дарвозага тўпни йўллайдиган футболчи топилмади. Рақиб эса 76-дақиқада илк зарбаси билан ҳисобни очди. Қанотдан узатилган тўпни Шаҳбоззода дарвозага йўллади. Уч дақиқадан кейин Шаркич ва Сайфиев ижросидаги ҳужумдан сўнг Фарруҳ жарима майдонига узатган тўпни Алижонов боши билан дарвозага йўллади - 1:1. Ўйин охирларида жамоамизда яққол голли вазиятлар юзага келди. Дастлаб Алижонов қанотдан жарима майдонига ёриб кириб, дарвозага зарба беришга қарор қилмади. Кейин эса Ҳамробековнинг зарбаси тўсинга тегиб қайтди. Қайтган тўпни олти-етти метрдан бўш дарвозага йўллашга уринган Эркинов буни уддалай олмади. Рақиб посбони шу ҳолатда тезкор ҳужум бошлади ва Шаҳбоззода яккама-якка ҳолатда дарвозани ишғол қилди. Шу тариқа ўта қулай имкониятлардан фойдаланишда хатолар қилган жамоамиз рақиб тарафидан яна жазоланди.
"СЕПАХАН" - "ПАХТАКОР" - 2:1 (0:0)
Ҳакамлар: Жумпей Иида (Япония), Равут Накарит, Танате Чучуен (Таиланд), Камал Абу Ашеҳ (Фаластин).
Назоратчи: Виктор Колпаков (Қирғизистон).
Комиссар: Минду Доржи (Бутан).
"Сепахан": Мазаҳери, Нажод Маҳди, Исмоилифар, Нурафкан, Гвелесиани, Ҳуссайни (Шаҳбоззода, 67), Аҳмадзода (Жаҳони, 57), Муҳаммади, Карими (Мирзоий, 85), Салмани (Рафеий, 57), Моғанлу.
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Ларин, Аъзамов, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев, Шаркич, Турғунбоев (Жабборов, 90+2), Рашидов (Файзуллаев, 73), Эркинов.
Голлар: Шаҳбоззода, 76 - 1:0. Алижонов, 79 - 1:1. Шаҳбоззода, 90+3 - 2:1.
Огоҳлантиришлар: Аҳмадзода, 40. Собирхўжаев, 44. Карими, 59. Ҳамробеков, 74. Моғанлу, 80. Аъзамов, 83.