Чемпионлар Лигаси 4-турида "Пахтакор" яна Қатар жамоасидан енгилди.
Ушбу баҳсни Черан жароҳат сабабли ўтказиб юборди. Биринчи бўлимда дарвозалар олдида унчалик кўп кескин ҳолатлар юзага келмади. 3-дақиқада Турғунбоев зарба бериши мумкин ҳолатда тўпни Алибоевга оширишга қарор қилди ва ҳолат қўлдан бой берилди. 21-дақиқада Рашидовнинг зарбаси хавфли, аммо салгина ноаниқ чиқди. 32-дақиқада бурчакдан узатилган тўпни Ҳишам боши билан дарвозага йўллади. Бўлим якунланиши арафасида Турғунбоевнинг узатмасидан кейин Шаркич деярли бўш дарвозага тўпни тўғрилаб юбора олмади. Қўшиб берилган дақиқаларда эса қарши ҳужумда Олунга жамоамизни жазолади.
Иккинчи бўлим бошида Эдмилсондан тўпни қабул қилиб олган Алмоаз дарвозани ишғол қилди. Охирги 30 дақиқаликда жуда кўплаб қулай имкониятлар юзага келтирилди, бироқ улардан фойдаланишда яна оқсадик. Рашидов ва Турғунбоевнинг уринишлари ноаниқ чиққан бўлса, Сайфиевнинг икки ва Эркиновнинг бир аниқ зарбасини рақиб посбони қайтарди. Мираҳмадов эса бир ҳолатда ноаниқ зарба берди, яна бир вазиятда тўп тўсинга тегиб қайтди. Беллашув охирида эса Миржаҳон дарвозабонга нисбатан ишлатган қўполлиги сабабли майдондан четлатилди. Шу тариқа бу сафар ҳам "Духайл"дан енгилдик.
"ПАХТАКОР" - "ДУХАЙЛ" - 0:3 (0:2)
18 апрель. Бурайда. "Қирол Абдуллоҳ" стадиони.
Ҳакамлар: Моҳд Амирул Изван, Юсри Муҳаммад, Муҳаммад Му Ази (Малайзия), Мунир Алкатири (Индонезия).
Назоратчи: Виктор Колпаков (Қирғизистон).
Комиссар: Муҳаммад Тоҳир (БАА).
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов (Азмиддинов, 86), Аъзамов, Хаджиев, Сайфиев, Ҳамробеков (Эркинов, 46), Собирхўжаев (Холматов, 80), Турғунбоев, Алибоев, Рашидов (Мираҳмадов, 59), Шаркич (Файзуллаев, 59).
"Духайл": Закария, Муса (Аълаалдин, 84), Альдервейрельд, Ҳишам, Брейк, Мадибо, Будиаф (Луиз Мартин, 54), Нам Тай Хи, Эдмилсон (Афиф, 62), Алмоаз (Исмоил Муҳаммад, 55), Олунга (Фаҳми Мустафо, 63).
Голлар: Ҳишам, 32 - 0:1. Олунга, 45+2 - 0:2. Алмоаз, 47 - 0:3.
Огоҳлантиришлар: Сайфиев, 11. Алижонов, 42. Мадибо, 61. Мираҳмадов, 69. Турғунбоев, 73. Алибоев, 90.
Четлатиш: Мираҳмадов, 90+2.