"Пахтакор" бош мураббийи Славче Войнески ва ярим ҳимоячи Сардор Рашидов "Духайл" билан ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этишди.
Войнески: - Эртага бизни кучли жамоага қарши кескин ўйин кутиб турибди деб ўйлайман. "Духайл" ҳужумкор футбол ўйнашга интиладиган ва ҳимояда ҳам яхши ўйнайдиган жамоа. Бу беллашувда камроқ хато қилган тараф ютиб кетади. Рақиб таркибида индивидуал кучли футболчилар ҳам етарлича.
Биринчи ва иккинчи ўйинлар ўртасидаги асосий фарқ шароитларга яхшироқ мослашиб олганимизда бўлди. Бу ерга чемпионатдаги қийин баҳсдан кейин келдик, учинчи куни майдонга тушдик. Ва ўшанда иккинчи бўлимда жисмонан толиққанимиз сезилиб қолди. "Сепахан" билан биринчи бўлимда ёмон ўйнамагандик. Иккинчи беллашувга эса шароитларга мослашган ҳолда тайёрландик, жуда яхши ўйин ўтказдик.
Ҳар 3-4 кунда ўйнаш қийин. Қолаверса, Тошкентдаги мухлисларимиз ҳам Чемпионлар Лигаси баҳсини кўришларини истаган бўлардим. Уйда ўйнаганда муҳит барибир бошқача бўлади.
Рашидов: - Бизни гуруҳдаги энг кучли жамоага қарши қизиқарли ўйин кутмоқда. Эртага яхши футбол кўрсатиш учун майдонда боримизни берамиз ва мухлисларимизга ғалаба тортиқ этиш учун максимал ҳаракат қиламиз.