Клуб янгиликлари

Славче Войнески: "Ғалабани жуда истагандик ва буни уддаладик"

Клуб янгиликлари

"Навбаҳор" устидан қозонилган ғалабадан сўнг "Шерлар" бош мураббийи матбуот анжуманида ўйин ҳақида фикрларини билдирди.

- Аввало, футболчиларимни табриклайман. Ўйин қийин ўтди. Ҳар томонлама чарчадим. Ҳаяжонли баҳс бўлди. Бугунги учрашувни назорат қилиб бордик. Тўп назорати биз томонда бўлди. Якунда киритилган гол орқали ғалаба қозондик. 

Ихтиёримизда 12-13 нафар футболчи бор эди. Саккиз нафар ўйинчи терма жамоалар сафида бўлди. "Навбаҳор"га қарши ўйинга тўлиқ таркиб билан тайёрлана олмадик. Бу бизга панд бериши мумкин эди. Қишки йиғинларда олиб борган тактик машғулотларимиз иш берди. Биз ғалабани истагандик ва якунда буни уддалай олдик. Бундан хурсандман.

Ўйин охирида юз берган ҳолатлар дилимни ҳира қилди. Бундай жанжаллар, муштлашувлар профессионал футболчиларга хос бўлмаган жиҳат ҳисобланади. Ғалаба қозондингми, мағлуб бўлдингми - буни қабул қила олишинг керак. 

Биламан, биз ҳам ҳали Наманганга борамиз ва у ерга бошни тик тутган ҳолда боришимиз керак. Умид қиламанки, бундай вазиятларга федерация ҳам муносабатини билдиради. Ўйин ажойиб бўлди, атмосфера ҳам юқори эди. Фақат баҳс тугагач бундай ҳолатлар қоидаларга тўғри келмайди.

Захирадан ўйинчиларни майдонга тушириш ҳам режа. Биз ғалаба қозондик. Демак, бу тўғри қарор эди. Масалан ўйин якунида барча 5 та ўзгаришни амалга оширишим ҳам мумкин эди.

"Насаф" ва "Навбаҳор"ни таққослашни тўғри деб ҳисобламайман. "Насаф"га қарши фақатгина битта ўйиндан иборат баҳсда ўйнадик. Жамоа чемпионат ўйинида бошқачароқ ўйнаган бўларди. Шунинг учун бу саволга тўлиқ жавоб бера олмайман.