Суперлига 4-тур марказий ўйинида "Пахтакор" Тошкентда "Навбаҳор"ни қабул қилади.
Ўйинда жамоамиздан Икром Алибоев дисквалификация туфайли мазкур беллашувда майдонга туша олмайди. Рақибда бундай йўқотиш мавжуд эмас. Ушбу жамоалар чемпионатлар доирасида барча мавсумларда иштирок этиб келишмоқда. Юқори лигада энг кўп тўқнашувлар шу икки клуб ўртасида кузатилган.
Ҳозирга қадар жамоалар чемпионатларда 62 учрашувда майдонга тушишган. Ўзаро ўйинлар бўйича устунлик яққол "Шерлар" тарафида. 38 баҳсда зафар қучган "Пахтакор" 11 бор рақиб билан дуранг ўйнаган ва 13 марта имкониятни бой берган. "Навбаҳор" дарвозасига 103 гол урилиб, 48 тўп ўтказиб юборилган. 9 баҳсда "Шерлар" йирик ҳисобда устун келишган. Тошкентдаги учрашувларнинг 25тасида жамоамиз ғалаба қозониб, 5 дуранг ва 1 мағлубиятни қайд этган. “Пахтакор” ўз майдонида охирги 25 ўйинда 22 ғалаба ва 3 дурангга эришиб, умуман мағлубиятга учрамаган.
Ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйинлари тарихида қайд этилган энг йирик ҳисоб - 7:0. Ушбу ҳисоб 2009 йили Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда қайд этилиб, унда “Пахтакор” зафар қучганди.
“Пахтакор” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги ўйин 1 апрель, жума куни 19:00да "Пахтакор" стадионида бошланади.