"Пахтакор" бош мураббийи "Олимпик" билан баҳсдан сўнг ўйин ҳақида фикрларини билдирди.
- Биз ўйинни тушунарсиз, ғалати бошладик. Дастлабки 10 дақиқада ёмон тўп тепдик. Ўйинга киришишимиз яхши кечмади. Бунинг натижасида “Олимпик” гол уриб кетди. 15 дақиқада бир киши кам бўлиб қолганимиздан сўнг ўйинимиз яхши томонга ўзгарди. Футболчилар характер кўрсата олишди. Умумий хулоса қиладиган бўлсам, “Олимпик” сафида ҳаракатчан ёш футболчилар бор. Бугунги ўйинимизни яхши ҳам, ёмон ҳам деб бўлмайди. Ҳисоб ўйинга яраша бўлди.
Замонавий футболда бутун жамоа ҳимояланиши ва ҳужумга ўтиши керак. “Олимпик”нинг босим қилишини билар эдик. Ҳимоядаги ижрочиларимиз зўр ўйнамаган бўлиши мумкин. Биз бунга жамоавий қарашимиз керак. Машғулотларда шуларнинг устида ишлаймиз.
Шаркични олишимиз тактик ўзгаришга боғлиқ. Ҳолатга қараб Собирхўжаевни туширдик. Чунки қийин вазиятда эдик. Сардор эса рақибларни яхши билади. Шаркич бугун яхши ўйнади. Кейинги учрашувларда яна имконият берамиз.