Анжуманда клуб раиси ўринбосари Дилшод Каримов, бош директор Дмитрий Адисман, бош мураббий Славче Войнески, янги футболчилар - Оливер Шаркич, Камен Хаджиев, Алексей Ларин, Икром Алибоев, Сардор Рашидов, Миржаҳон Мираҳмадов, Жасур Ёқубов иштирок этди.
Каримов: - Ассалому алайкум. Барчангизни бу ерда кўриб турганимдан хурсандман. Ушбу мавсумда кўп жамоалар таркибига янги ўйинчиларни жалб қилди, мураббийларни таклиф этишди. Ўзбек футболи ривожи учун бу ижобий ҳолат. Интрига кескин бўлади деган умиддаман. Биз ҳам янги мураббий билан шартнома имзоладик, янги футболчилар келиб қўшилишди. Мавсумни Суперкубокни ютиш билан бошладик. Ҳали яна совринларга эришамиз деб умид қиламан.
Шаркич: - Клуб жуда яхши ва ташкилий масалалар ажойиб йўлга қўйилган. Мавсумга яхши тайёрландик ва якшанба куни Суперкубокда ғалаба қозондик. Энди олдимизда Суперлига ва бошқа мусобақаларда яхши иштирок этиш вазифаси турибди.
Ўзимни кўрсатишга тайёрман. Мени бу ерга таклиф этишда адашишмаганини исботлашни истайман. Уларнинг ишончини оқлашга бор кучимни бераман. Ишқибозларни чиройли ўйинлар билан хурсанд этишни хоҳлайман.
Йигитлар биринчи кунларданоқ мен билан дўстона муносабатда бўлиб, ёрдам беришга тайёр ҳолатда туришибди. Кўп футболчилар инглизчада гаплаша олишади - Черан, Рашидов, Алибоев билан мулоқот қилиб, кўп нарсаларни ўзлаштириб боряпман.
Ёқубов: - "Пахтакор" таркибига қайтганимдан бахтиёрман. Насиб қилса, яхши ўйинлар кўрсатиб, мухлислар ишончини оқлаш ва жамоага фойда келтиришга ҳаракат қиламан.
Хаджиев: - Суперкубок баҳсида бизни мухлислар ажойиб қўллаб-қувватлашди. Биринчи совринга эришдик. Мавсум охирида кўпроқ совринлар билан ўтирамиз деган умиддаман.
Рашидов: - "Пахтакор" - катта клуб. Суперкубок ёнига мавсум якунида Суперлига ва Ўзбекистон Кубогини қўшиб қўйишга уринамиз.
Ларин: - "Пахтакор" катта жамоа ва барча ишлар жуда яхши йўлга қўйилган. Машғулот ва ўйинларда яхши меҳнат қилган ҳолда ўзимиздан кутилган натижаларни кўрсатишга интиламиз.
Алибоев: - "Пахтакор" мен учун бегона эмас. Фаолиятимни шу ерда, клуб академиясида бошлаганман. Бу ерда дебютимда Суперкубокни қўлга киритдик. Ҳали яна бошқа совринларга эга чиқишни истайман.
Мираҳмадов: - Йигитлар деярли барча нарсани гапириб бўлишди. Улар айтгандек, ҳамма совринларга эришишни хоҳлаймиз. Ўзимга ишонаман. Асосий таркибдан жой олиб, муҳим голлар уришга ҳаракат қиламан.
Войнески: - Ҳар бир лигани ютиш қийин. Ҳеч бир жойда совринга эга чиқиш осон эмас. Суперкубок ўйини қанчалик оғир кечганини ҳамма кўрди. Ҳар бир жамоа бизга жиддий қаршилик кўрсатишга уринади. Чемпионлар Лигасида гуруҳдан чиқишни истаймиз. Ўйинлар Рамазон ойида бўлади ва биз барчани ҳисобга олишимиз керак. Биз ҳар 4-5 кунда майдонга тушишимиз лозим. Шундай тиғиз тақвимда ўйнаймиз. Апрель ва майда жуда кўп ўйинда майдонга тушамиз. Бу ҳолатда барча кичик жиҳатларгача эътибор қаратамиз. Миллий терма жамоада ҳам ўнга яқин футболчи тўп тепади.
Рашидов: - Ўзимни яхши ҳис қиляпман. Бугунги машғулотда қатнашаман. Суперкубок ўйинидаги кичик жароҳатим ўтиб кетди.
Алибоев: - Алоҳида ўйинларда эмас, балки бутун мавсум мобайнида ўзимнинг боримни беришга ҳаракат қиламан.
Мираҳмадов: - Ҳар бир беллашувда рақиб ким бўлишидан қатъи назар "Пахтакор" учун фойда келтиришга интиламан.
Хаджиев: - Рақибнинг аҳамияти йўқ. Боримизни беришга ҳаракат қиламиз.