Клуб янгиликлари

Назорат ўйини. "Пахтакор" - "Динамо" Киев

Клуб янгиликлари
Туркия йиғини доирасида сўнгги назорат баҳсини жамоамиз Европанинг номдор клубларидан бири Украинанинг "Динамо"сига қарши ўтказади.

Киевликлар нафақат МДҲ, балки бутун Европадаги энг машҳур ва совриндор жамоалардан бири саналади. Клуб ҳисобида турли мусобақаларда қўлга киритилган 70дан ортиқ совринлар мавжуд. "Динамо" СССР чемпионатида 13 бор, СССР Кубогида 9 марта ва СССР Суперкубогида 3 бор ғолиб чиққан. 1975 ва 1986 йилларда УЕФА Кубок эгалари Кубогида зафар қучган. 1975 йил УЕФА Суперкубогига ҳам эга чиққан. Украинада 1992 йилдан ўтказиб келинаётган чемпионатда 16 марта чемпионга айланган ва 30 йил ичида фақат бир марта иккинчи поғонадан пастга тушган. Украина Кубогида 13, Суперкубогида 9 карра ғолибга айланган. МДҲ Чемпионлари Кубогида киевликлар 4 бор ғолиб бўлган. Жамоа сафидан Европа даражасидаги юлдузлар етишиб чиққан ва ҳалигача "Динамо" ўз иқтидорли футболчиларини кучли чемпионатларга етказиб беришда давом этмоқда. Жамоа Украинанинг амалдаги чемпиони ҳисобланади. Бош мураббий сифатида руминиялик Мирча Луческу фаолият кўрсатмоқда.

СССР чемпионати доирасида жамоалар ўзаро 40 беллашувда тўқнаш келишган. "Пахтакор" 7, "Динамо" 23 баҳсда ғолиб бўлган, 10 ўйинда дуранг қайд этилган. 36 тўп киритган жамоамиз 68 гол ўтказиб юборган. МДҲ Кубогида 2008 йил кечган беллашувда Зайниддин Тожиевнинг голи ютуқ келтирган.

"Пахтакор" ва "Динамо" Киев ўртасидаги ўйин 19 февраль куни Тошкент вақти билан 19:00да Белекдаги "Мардан Палас" стадионида бошланади.