Клуб янгиликлари

"Динамо" Тбилисига имконият бой берилди

Клуб янгиликлари
Туркия йиғинидаги учинчи назорат баҳсида жамоамиз Грузиянинг "Динамо" клуби билан майдонга тушди.

Беллашув ҳар икки жамоанинг ҳужумкор ва томошабоп ўйини билан кечди. Дастлаб устунлик қилган рақиблар 15-дақиқада ҳисобни очишди. Қанотдан жарима майдонига кириб борган Биленки ўткир бурчакдан тўпни дарвозанинг узоқ бурчагига ерлатиб аниқ йўллади. Биринчи бўлимнинг қолган вақти мобайнида устунлик "Шерлар" тарафида бўлди. Темиров деярли бўш қолган дарвозани ишғол қила олмаган бўлса, кейинроқ Турғунбоевнинг боши билан берган зарбаси дарвоза ёнгинасидан ўтиб кетди.

Иккинчи бўлимни ҳужумкор бошлаган жамоамиз жуда қулай вазиятлардан фойдалана олмади. Дастлаб Чераннинг аниқ зарбасидан сўнг дарвозабон маҳорат кўрсатди. 56-дақиқада Темировнинг уринишидан кейин тўп устунга тегиб қайтди. "Динамо"нинг жавоб ҳужуми гол билан тугади. Тезкор ҳужумни Меквабишвили самарали якунлади. Бир ҳолатда рақиб посбони маҳорат кўрсатди. У бир неча сония ичида Сайфиев ва Чераннинг аниқ зарбалари йўлига ғов бўлди. 73-дақиқада қарши ҳужумдан сўнг Мали ҳисобни йириклаштирди. Ўйин якунигача Лариннинг зарбаси ёдда қолди. Бу вазиятда ҳам тўп дарвоза чизиғидан қайтарилди.

Навбатдаги назорат баҳси 19 февраль куни Киевнинг "Динамо" жамоасига қарши бўлиб ўтади.

"ПАХТАКОР" - "ДИНАМО" ТБИЛИСИ - 0:3 (0:1)
"Пахтакор": Қувватов (Исақов, 78), Алижонов (Эргашбоев, 83), Хаджиев (Ларин, 65), Аъзамов (Ёқубов, 90), Сайфиев (Розиев, 71), Собирхўжаев (Ҳамробеков, 46), Алибоев (Файзуллаев, 75), Черан (Шаркич, 65), Рашидов (Эркинов, 59), Турғунбоев (Холматов, 59), Темиров (Мираҳмадов, 59).
Голлар: Биленки, 15 - 0:1. Меквабишвили, 57 - 0:2. Мали, 73 - 0:3.