Клуб янгиликлари

"Пахтакор Жуниор" лойиҳасининг тақдимот маросимига таклиф этамиз

Клуб янгиликлари
9 февраль, чоршанба куни "Пахтакор" стадиони анжуманлар залида "Пахтакор Жуниор" лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтади.

Ушбу лойиҳа "Пахтакор" футбол клуби ва “Junior Soccers Schools” иштирокида амалга оширилаётган бўлиб, “Пахтакор Жуниор” болалар ва ўсмирлар футбол мактабларини очишдан кўзланган мақсад "Пахтакор"нинг юртимиздаги брендини ўстириш, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Пахтакор Жуниор” мактаблари тармоғини яратиш, клуб академиясига  истиқболли ва иқтидорли ёш футболчиларни аниқлаш ва етказиб  бериш, болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш ҳамда тарғиб қилишдан иборат. Лойиҳанинг асосий вазифалари – соғлом турмуш тарзини жорий этиш, футболни ривожлантириш ва ёш болаларни спортга кенг жалб этиш, мактаб ва мактабгача ёшдаги болаларда жисмоний маданиятга қизиқишни ўстириш, чекка ҳудудлардаги иқтидорли болаларнинг эътибордан четда қолмаслиги таъминлаш саналади. "Пахтакор Жуниор" орқали энг иқтидорли болалар "Пахтакор" футбол академиясига танлаб олинади.

Тақдимотга бағишланган матбуот анжумани чоршанба куни соат 11:00да бошланади. Унда "Пахтакор" футбол клуби раҳбарияти иштирок этади.