"Шерлар"га Ўзбекистон Суперлигасидаги ғолиблик учун олтин медалларни топшириш маросими ўтказилди.
Пойтахтимиздаги "Хилтон" меҳмонхонасида ўтган тадбирда жамоа аъзолари, мураббийлар штаби ва клуб раҳбариятига олтин медаллар топширилди. Маросимда "Пахтакор" футбол клуби раиси, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти этиб сайланган Одил Аҳмедов, ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев иштирок этиб, медалларни тақдим этишди. Мавсум давомида катта ҳажмдаги ишни амалга оширган клуб вакиллари ва жамоа аъзолари медаллар билан тақдирланди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев "Пахтакор" янада кучлироқ жамоага айланиш мақсадида аҳил ва бирдам бўлиб, олдинга қадам ташлашда давом этишини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, тадбир давомида "Пахтакор" футбол клуби ўз ҳомийлари ва ҳамкорларига миннатдорчилигини изҳор қилди.