10-турда "Пахтакор" Тошкентда "Бухоро"дан устун келди.
Учрашувни ташаббус билан бошлаган жамоамиз кетма-кет уч қулай вазиятдан фойдалана олмади. Иброҳимовнинг зарбасини Турсунбоев қайтарган бўлса, Ораховац боши билан тўсинни нишонга олди. Тожиевнинг бош билан берган зарбаси ноаниқ чиқди. Меҳмонлардан Гадоевнинг хавфли зарбасини Лобанов бартараф этди. Биринчи бўлимда меҳмонлар ҳимояда бошқа хатога йўл қўйишмади.
Иккинчи бўлим бошидан суръатни оширган "Пахтакор" 48-дақиқада ҳисобни очди. Каримов оширган тўпни Сергеев жарима майдонига кириб келаётган Козакка тўхтатиб берди. Владимир имкониятдан аниқ зарба берган ҳолда ҳисобни очди. 82-дақиқада захирадан майдонга туширилган футболчилар ўзларини кўрсатишди. Ҳакимов оширган тўпни меҳмонлар посбони билан бирга-бир чиққан Нуруллаев дарвозага йўллади - 2:0. Охирги дақиқаларда хотиржамликка берилган футболчиларимиз Нагаевнинг зарбасидан сўнг тўпни дарвозадан олиб чиқишди.
Беллашув 2:1 ҳисобида "Пахтакор" ғалабаси билан якунланди. "Шерлар" муҳим ютуқни тантана қилишди.
"ПАХТАКОР" - "БУХОРО" - 2:1 (0:0)
12 май. "Пахтакор" стадиони. 5650 томошабин.
Ҳакамлар: В.Агишев - 9. А.Усмонов - 9. Т.Гайнуллин - 9.
Назоратчи: С.Нажафалиев.
"Пахтакор": Лобанов, Андреев, Ораховац, Тожиев, Ҳошимов, Исматуллаев, А.Аҳмедов (Юсупов, 86), Иброҳимов (Нуруллаев, 64), Козак, Каримов (Ҳакимов, 78), Сергеев.
"Бухоро": Турсунбоев, Омонов, Пасичник, Шихов, Шоғуломов (Неъматов, 51), Гадоев (Ваҳобов, 74), Пиримов (Жас.Ҳасанов, 61), Р.Ҳасанов, Исмоилов, Баенко, Нагаев.
Голлар: Козак, 48 - 1:0. Нуруллаев, 82 - 2:0. Нагаев, 90 - 2:1.
Огоҳлантиришлар: Аҳмедов, 24. Исмоилов, 81.