Ўзбекистон Кубоги финалидан олдинги матбуот анжуманида "Пахтакор" бош мураббийи Питер Хюистра, футболчилар Ҳожимат Эркинов ва Достон Ҳамдамов иштирок этди.
Хюистра: - Барчага хайрли кеч. Биз финалда ўйнашимиздан хурсандмиз. Мавсумдаги охирги ўйинда ғалаба қозонишни хоҳлаймиз. Финалга чиқиш билан кифояланиб қолмоқчи эмасмиз.
Эркинов: - Ассалому алайкум. Кубок баҳслари бир ўйиндан иборат ва қийин беллашувлар ўтказдик. Энди финалда зафар қучиш ниятидамиз.
Ҳамдамов: - Финални орзиқиб кутдик дея оламан. Йигитлар билан ҳамжиҳат бўлган ҳолда ўз ўйинимизни кўрсатиб, мухлисларни соврин билан хурсанд қилишни истаймиз.
Хюистра: - Черан ва Аъзамов финалда ўйнай олмайди. Асосий икки футболчисиз қандай ўйнашимизни кузатиш қизиқ бўлади. Ёшлар босим остида ўзларини қандай ҳис этишини кўриб оламиз. Бу уларга иштиёқ бериши табиий.
Биз учун эртанги ўйин 2021 йилги кубок мусобақасини ютишга имконият беради. Ўзбекистондаги ҳамма футболчи ҳам кубок финалида ўйнамайди ёки уни ютмайди. Шу сабабли бу ҳар бир ўйинчига катта иштиёқ беради. Ортиқча руҳлантирувчи жиҳат керак эмас. Бу финал ва унда совринга эга чиқиш мумкин.
Масалан, Ҳожиматдан 20 йилдан сўнг неча марта кубок финалида ўйнаганини сўрашмайди, неча бор ғалаба қозонгани тўғрисида сўрашади. Бу улар учун ўз-ўзидан иштиёқ беради.
Футболчилар профессионал. Улар футбол ўйнашни севгани учун бу билан шуғулланишади. Фаолиятини бошлаганда ҳеч ким мукофотлар ҳақида ўйламайди. Финал учун алоҳида мукофот ҳақида гапириш жуда тўғри эмас. Жамоадаги йигитлар ўз ўйинларини кўрсатишга интилишади. Уларга ҳар бир ўйиндаги ғалаба муҳим.
"Пахтакор"да бешинчи мавсум ишлаяпман. Арвеладзе билан бирга иш бошлагандик. Мавсум тугагач, клуб раҳбарияти билан суҳбатлашамиз. Биз катта хажмда ишларни амалга оширяпмиз. Ўзбекистонда ишлаш менга маъқул келмоқда.
Ҳамдамов: - Ишқибозларимиз бизни стадион ва телевизор орқали қўллаб-қувватлашса, бизга руҳан ёрдам берган бўлишарди.
Эркинов: - Стадионга келган ва кела олмаган мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатишни хоҳлаймиз.
Хюистра: - Сўнгги икки йилда пандемия билан боғлиқ вазиятларда ҳам ишқибозлар бизни қўллашда давом этишди. Улар академия жамоаларини ҳам ўйинларга бориб олқишлашди. Мавсумдаги охирги беллашувда уларга ёқадиган футбол намойиш этишга интиламиз.