Жамоамиз бош мураббийи Тошкент дербисидан кейин ўйин ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйинни жуда ёмон бошладик, 30-сониядаёқ гол ўтказиб юбордик. Бугун ёшларга имконият бердик ва улар кўрсатган ўйиндан завқ олдим. Ўйин жуда ҳам чиройли бўлди, ёшларимиз ҳар доим ўйнайдиган футболимизни кўрсата олишларини исботлашди. Шу сабабли бугун умумий маънода жамоамнинг ўйинидан қониқдим. Тўғри, натижа яхши бўлмади. Биз 70-дақиқадан кейин бироз бўшашдик. Балки, ёшларимиз чарчаб қолгани туфайли бўлса керак. Аслида ҳисоб томонлама ижобийроқ натижага лойиқ эдик. Ўйин томонидан қарасак, жуда ҳам қониқдим. Жамоамиз келажаги бўлган футболчиларнинг майдонда ўзини тутишларини кўрдик, синовдан ўтказиб олдик.
Ёшлар қуйи ўринлардаги қайсидир жамоа билан 6:0 ҳисоби қайд этилиб турганда майдонга тушганидан кўра, жиддий тўқнашувларда тажриба тўплаб боргани яхши. Бу уларнинг тезроқ ўсишига ҳам сабаб бўлади. Шунингдек, футбол борасида мен романтикман. Натижа муҳим, лекин бугун чиройли футбол кўрган маъқулроқ эди. Ёшларнинг бугунги ўйинлари бизни ғурурлантирди.