Икки футболчимиз майдондан четлатилган бўлишига қарамай, "Пахтакор" ўз характерини намойиш этди ва финалга йўлланма олди.
Биринчи бўлимда устунлик жамоамиз тарафида бўлди, бироқ бўлим ўрталарида юзага келган вазият ўйин боришини ўзгартириб юборди. Рақибдан Ўлмасалиев, жамоамиздан Собирхўжаев зарба берадиган ҳолатда тўпни тепа олишмади. Кейинроқ майдон марказида Черан рақибига нисбатан қўпол ўйнагани сабабли ВАРдаги такрор асосида ҳакам уни майдондан четлатди. Шундан кейин ҳам назорат жамоамиз тарафида сақланиб қолди. 28-дақиқада Эркинов тўпни ортга қайтаришда хатога йўл қўйгач, Ғиёсов тўпни эгаллаб олди ва аниқ зарба билан Қувватов дарвозасини ишғол қилишга эришди. Собирхўжаев, Темиров ва Алижоновнинг уринишларидан сўнг тўп дарвозага киришига салгина ноаниқлик йўл қўймади. 41-дақиқада эса ҳисоб тенглашди. Бурчакдан оширилган тўпни Ҳамробеков Эркинов томон тўғрилаб юборди. Ҳожимат эса яқин масофадан аниқ зарба беришни уддалади - 1:1.
Иккинчи бўлимда хавфли вазиятлар сони унчалик кўп бўлмади. Жамоалар эҳтиёткорликка эътибор қаратишди ва майдон марказида яккакурашлар сони ортди. Ҳамдамовнинг аниқ зарбасидан кейин рақиб посбони маҳорат кўрсатди. Асосий вақтда 1:1 натижаси ўзгармади. Қўшимча бўлимларда эса голли имкониятлар яратиш борасида "Шерлар" яққол устун бўлишди. Холматов ва Сайфиевнинг қулай вазиятдан уринишларини меҳмонлар қайтариб қолишди. Қўшимча бўлимлар охирида Аъзамов ҳам майдондан четлатилди. Жамоамиз ўйинни 9 футболчи билан якунлади.
Пенальтилар сериясида Қувватов рақибнинг бир зарбасини бартараф этди ва ғалабага катта ҳисса қўшди. Футболчиларимиз эса беш уринишнинг барчасидан аниқ фойдаланиб, қизиқарли ва қийин кечган беллашувда ўз иродаларини намойиш этишди. "Пахтакор" ўз тарихида 17-марта Ўзбекистон Кубоги финалига йўл олди.
"ПАХТАКОР" - "БУНЁДКОР" - 1:1 (1:1, пенальтилар бўйича 5:4)
24 ноябрь. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 3990 томошабин.
Ҳакамлар: А.Шукуруллаев, А.Сидоров, О.Қосимов, С.Абдураҳмонов.
Назоратчи: Б.Ҳайдаров.
Комиссар: Ш.Ражабов.
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов (Азмиддинов, 85), Аъзамов, Анзур Исмоилов, Сайфиев, Ҳамробеков (Иминов, 111), Собирхўжаев (Аброр Исмоилов, 74), Эркинов (Турғунбоев, 82), Ҳамдамов (Холматов, 82), Черан, Темиров (Матич, 85).
"Бунёдкор": Каримов, Ўлмасалиев, Ғиёсов, Тўраев (Олимжонов, 91), М.Мираҳмадов (Эркинов, 83), Абдураҳмонов (Томива, 56), Тўхтасинов, У.Абдуллаев (Ф.Мираҳмадов, 44), А.Абдуллаев, Иззатов, Қаҳрамонов (Эргашев, 56).
Голлар: Ғиёсов, 28 - 0:1. Эркинов, 41 - 1:1.
Пенальтилар серияси: Эркинов - 0:0 (Сейв, Қувватов). Азмиддинов - 1:0. А.Абдуллаев - 1:1. Матич - 2:1. Ғиёсов - 2:2. Турғунбоев - 3:2. Эргашев - 3:3. Сайфиев - 4:3. Тўхтасинов - 4:4. Холматов - 5:4.
Огоҳлантиришлар: Ҳамробеков, 22. Эргашев, 68. Аброр Исмоилов, 77. Томива, 84. Анзур Исмоилов, 90+1. Азмиддинов, 92.
Четлатишлар: Черан, 21. Аъзамов, 120+3.