Ўз тарихида 17-бор Ўзбекистон Кубогида финалида ўйнаш учун "Шерлар" ярим финалда "Бунёдкор" қаршилигини енгишлари зарур бўлади.
"Пахтакор" ва "Бунёдкор" кубокдаги энг муваффақиятли жамоалар саналади. Улар ҳисобида биргаликда 17 бош соврин ва 25 финал мавжуд. Бу эса ушбу ярим финалнинг қанчалик қизиқарли ўтишини кўрсатиб турибди. Жамоамиз 16 бор кубок финалларида ўйнаб, улардан 13тасида ғолиб бўлган. "Бунёдкор" эса 9 финалдан 4тасида зафар қучган.
Жамоалар кубок доирасида 7 беллашувда ўзаро тўқнаш келишган. 2 ўйинда "Шерлар", 4 баҳсда "Бунёдкор" ғалаба қозонган ва бир учрашувда дуранг қайд этилган. "Пахтакор" 6 гол уриб, 11 тўп ўтказиб юборган.
Ўйинни жамоалардан дисквалификация туфайли ўтказиб юборадиган футболчилар мавжуд эмас.
Ишқибозларни кубокда 17-финал сари жамоамизни олға бошлаш учун ажойиб ўйинни стадиондан кузатишга таклиф этамиз. Ўйин 24 ноябрь, чоршанба куни соат 17:30да "Пахтакор" стадионида бошланади.