Фарҳод Нишонов бошчилигидаги U-16 жамоамиз Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлди.
Финалда "Насаф" билан майдонга тушган тарбияланувчиларимиз бутун ўйин мобайнида рақибдан устунлик қилган ҳолда йирик ҳисобдаги ғалабага эришишди. Ҳисоб 7-дақиқадаёқ очилди. Темур Одилов жарима майдонида бир рақибни алдаб ўтган ҳолда дарвозанинг юқори қисмига аниқ зарба йўллади. 20-дақиқада эса чиройли қарши ҳужумдан сўнг орадаги фарқ ошди. Муҳаммадали Ўринбоев узатган тўпни Равшан Абдуманнонов дарвозабонни алдаб ўтиб, дарвозага киритди. Шунингдек, биринчи бўлимда футболчиларимиз бир мартадан тўсин ва устунни нишонга олишди.
Иккинчи бўлимда ҳам ўйиндаги назоратни сақлаган "Пахтакор" яна икки тўп киритди. Данила Ни ва Равшан Абдуманнонов ҳисобни йирик кўринишга келтиришди. Шу тариқа "Пахтакор" U-16 тоифасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлди.
Жамоамиз посбони Максим Муркаев турнирнинг энг яхши дарвозабони деб топилган бўлса, мураббий Фарҳод Нишонов мусобақанинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилди.
"НАСАФ" - "ПАХТАКОР" - 0:4 (0:2)
21 ноябрь. Тошкент. "Чиғатой" стадиони.
Ҳакамлар: А.Шукуруллаев, Р.Тоғаев, Н.Афинагенов, С.Абдураҳмонов.
Назоратчи: М.Исмоилов.
"Пахтакор": Муркаев (Эркинов, 79), Адҳамов, Мирзабеков, Ҳамзаев, Зоҳидов, Ни (Мўминов, 86), Саиднуруллаев (Тўхсанов, 70), Одилов, Абдуманнонов, Имомов, Ўринбоев (Анваров, 86).
Захира: Ҳусанбоев, Фомин, Эркинов, Баҳодиров, Раҳимжонов.
Голлар: Одилов 7, Ни 66, Абдуманнонов 20, 89.