Суперлига 23-турида "Пахтакор" Жиззахда кичик ҳисобда мағлубиятга учради.
Ўйинда жамоамиз бир неча асосий таркиб футболчиларисиз майдонга тушди. Анзур Исмоилов ва Черанда кичик жароҳат бўлса, Эркинов ва Холматов ёшлар терма жамоаси сафига жалб этилгани сабабли беллашувда иштирок эта олмади. Алижонов ва Ҳамробеков эса миллий терма жамоа йиғинидан жароҳат билан қайтиб, ҳали тикланиб улгуришмаган. Биринчи бўлимда Аъзамов ҳам жароҳат олиб майдонни тарк этди ва марказий ҳимояда Чобанов-Азмиддинов жуфтлиги ҳаракат қилди. Майдоннинг жуда нотекис экани туфайли жамоалар асосан узун паслар билан олдинга ўтишга интилишди. Мезбонлардан Шойқулов ва Жўрабековнинг аниқ зарбаларидан кейин Суюнов тўпни қайтарди. "Пахтакор"дан икки бор Турғунбоев ва бир марта Ҳамдамовнинг уринишларидан сўнг Митрович тўпни қайтариб юборди. Матич томонидан урилган гол эса ён ҳакамнинг нотўғри қарори сабабли бекор қилинди. Ўша ҳолатда зарба берган Турғунбоев ҳам, тўсиндан қайтган тўпни дарвозага йўллаган Матичда ҳам ўйиндан ташқари ҳолат йўқ эди. Бироқ лайнсмен "шунчаки" байроғини кўтариб қўйишни хоҳлади, шекилли.
Иккинчи бўлим бошида мезбонлар ҳисобни очишди. Жаримадан тўп дарвоза олдига оширилгач, Жўрабеков яқин масофадан аниқ зарба йўллади. Шундан кейин тўлиқ ташаббусга эришган жамоамиз мезбонлар дарвозасига йўл топа олмади. Бир вазиятда Матич деярли бўш дарвозага тўпни боши билан тўғрилаб юборишда хатога йўл қўйди. Шу тариқа "Пахтакор" Жиззахда мавсумдаги 3-мағлубиятни тан олди.
"СЎҒДИЁНА" - "ПАХТАКОР" - 1:0 (0:0)
24 октябрь. Жиззах. "Сўғдиёна" стадиони. 4503 томошабин.
Ҳакамлар: В.Агишев, О.Абдувосилов, А.Сидоров, Р.Абдувоҳидов.
Назоратчи: Б.Ҳайдаров.
Комиссар: Б.Арипов.
"Сўғдиёна": Митрович, Орипов, Нўъмонов, Шойқулов (Станоевич, 70), Болтабоев, Норхонов (Рашидов, 88), Ҳасанов (Исмоилов, 88), Жўрабеков, Қаҳрамонов (Насимов, 76), Чермел, Колакович.
"Пахтакор": Суюнов, Азмиддинов, Чобанов, Аъзамов (Муҳиддинов, 21), Сайфиев, Аброр Исмоилов, Иминов (Темиров, 77), Турғунбоев (Ўринбоев, 87), Собирхўжаев, Ҳамдамов (Холдорхонов, 87), Матич.
Гол: Жўрабеков, 53 - 1:0.
Огоҳлантиришлар: Нўъмонов, 9. Норхонов, 11. Аброр Исмоилов, 38. Азмиддинов, 45+1. Суюнов, 51. Чобанов, 52. Холдорхонов, 90+3.
Четлатиш: Чобанов, 90+3.