"Олимпик"ни кичик ҳисобда доғда қолдирган "Шерлар" Ўзбекистон Кубогида ярим финал йўлланмасига эга чиқди.
Мазкур баҳсни Ҳожиакбар Алижонов ва Одил Ҳамробеков кичик жароҳат сабабли ўтказиб юборди. Дастлабки дақиқаларда футболчиларимиз текис бўлмаган майдонга кўникишга вақт сарфлашди. Аъзамовнинг дарвозабон устидан боши билан йўллаган зарбасига баландроқ кетган бўлса, Холматовнинг 20 метрлардан тепган тўпини рақиб посбони Назаров қайтариб юборди. Биринчи бўлимда тўп назоратига эга бўлса-да, рақиб дарвозаси олдида кескин вазиятлар кўп содир этилмади. Ҳамдамовнинг икки қулай ҳолатда тепган зарбаларидан сўнг тўпни ҳимоячи ва дарвозабон қайтарди.
Иккинчи бўлимда ҳужумда фаолроқ ўйнаган жамоамиз ҳисоб очилгунга қадар икки вазиятдан фойдалана олмади. Матич ва Чераннинг боши билан йўллаган зарбалари ноаниқ чиқди. 64-дақиқада эса Аброр Исмоилов ҳисобни очди. У Черандан тўпни қабул қилиб, 25 метрлардан дарвозанинг юқори бурчагини ишғол қилди - 0:1.
Ҳакам томонидан қўшилган дақиқаларда дастлаб Темиров қулай ҳолатда тўпни дарвозага тўғрилай олмаган бўлса, кейин Қувватов маҳорат кўрсатди. У яқин масофадан бош билан йўлланган аниқ зарба йўлига ғов бўлди. Кичик ҳисобдаги ғалаба билан "Пахтакор" ярим финалга йўл олди. Финал йўлланмаси учун "Шерлар" ўз майдонида "Бунёдкор" - "Сурхон" жуфтлиги ғолиби билан майдонга тушади.
"ОЛИМПИК" - "ПАХТАКОР" - 0:1 (0:0)
20 октябрь. Тошкент. "Жар" стадиони.
Ҳакамлар: А.Худойберганов, Д.Искандеров, Ш.Раҳматов, С.Абдураҳмонов.
Назоратчи: И.Худойдотов.
Комиссар: Л.Қўчқоров.
"Олимпик": Назаров, Бегимов, Жўрақўзиев (Жиянов, 65), Абдуманнонов, Турсунов (Рустамхонов, 65), Иброҳимов (Мухторов, 67), Бўриев, Ҳамиджонов, Одилов (Мамасидиқов, 74), Тоиров, Анваров (Содиқов, 67).
"Пахтакор": Қувватов, Азмиддинов (Козак, 79), Аъзамов, Анзур Исмоилов, Сайфиев, Аброр Исмоилов, Муҳиддинов (Собирхўжаев, 52), Ҳамдамов (Турғунбоев, 79), Холматов (Эркинов, 52), Черан, Матич (Темиров, 86).
Гол: Аброр Исмоилов, 64 - 0:1.
Огоҳлантиришлар: Жўрақўзиев, 21. Аброр Исмоилов, 21. Бўриев, 28. Сайфиев, 89.