Қўқондаги беллашувдан кейин "Пахтакор" бош мураббийи баҳс ҳақида фикрларини билдирди.
- "Қўқон" жамоаси ўйинни яхши бошлади. Шиддатли ҳужумлар билан бошлади. Дастлабки дақиқаларда имкониятлар яратди. Улардан фойдаланди ҳам. Бизнинг ўйинга киришиб кетишимизга вақт талаб қилди. Ҳисоб 2:0 бўлган вазиятда бироз омадсизроқ бўлдик. Танаффусдан кейин ўйинни кучайтириш учун захирадан футболчиларни туширдим. Натижада ҳисобни тенглаштирдик. Бунинг учун йигитларга раҳмат айтаман, улар курашни ҳоҳлашди. Бироқ рақибларимиз яна иккита гол киритиб, ғалаба сари борди. Майдон ҳолати яхши бўлмагани учун ўз ўйинимизни намойиш эта олмагандирмиз. Лекин иккинчи бўлимда шогирдларим кураша олишларини кўрсатишди. Рақибимиз ҳам ўз майдонида ғалаба учун борини бериб ўйнади. Кейинги баҳсларда яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Шерзод Аъзамов жароҳат олгани боис уни захирага олдик. Мавсумдаги ҳар икки мағлубият ҳам биз учун осон бўлмади. Ўйлашимча, барча жамоаларнинг майдони яхши ҳолатда бўлса, бундан бутун ўзбек футболи ва мухлислар ютади. Футбол ривожи учун барча шароитлар яхшиланиши талаб этилади. Шундан кейин юқори даражага чиқиш тўғрисида ўйлаш мумкин.