"Шерлар" Суперлиганинг 21-турида Қўқонда "Қўқон-1912" меҳмони бўлишади.
Ўзбек футболи ватани ҳисобланган Қўқондаги ўйинларимиз ҳамиша кескин ва қизиқарли тарзда ўтади. Ишқибозларни бу сафар ҳам ажойиб ўйин кутиб турибди.
Беллашувни дисквалификация билан ўтказиб юборадиган футболчилар иккала жамоа таркибида ҳам мавжуд эмас.
"Қўқон-1912"га қарши чемпионатларда ўтган 31 баҳснинг 19тасида "Пахтакор" зафар қучган. 7 ўйинда дуранг қайд этилган бўлса, 5 марта рақиб ғалаба қозонган. Рақиб дарвозасини 82 марта ишғол қилган жамоамиз 41 гол ўтказиб юборган.
Рақиб мезбонлик қилган учрашувларда эса вазият шундай: 5 ғалаба, 4 мағлубият ва 6 дуранг. Сафардаги ўйинларда жамоамиз 25 тўп киритиб, 23 гол ўтказиб юборган. Жамоамиз 2003 йилдан кейин меҳмонда ўтган 6 ўйинда мағлубиятга учрамаган. Ўтган йили "Шерлар" меҳмонда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишган.
"Қўқон-1912" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги баҳс 1 октябрь, жума куни Қўқондаги "Марказий" стадионда соат 16:00да бошланади.