Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида маданий-кўнгилочар, оммавий тадбирлар ва йиғишларни ўтказиш тартибларига ўзгартириш киритилди.
2021 йил 20 сентябрдан бошлаб мамлакатимизда томоша, маданий-кўнгилочар, оммавий тадбирлар ва йиғилишлар, шунингдек, спорт мусобақаларини очиқ майдонлар ҳамда ёпиқ мажмуаларда ўтказишга рухсат берилди.
Шундан келиб чиқиб, футбол учрашувларига карантин қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда мухлисларнинг ташриф буюришлари мумкин бўлади.
Бунда стадионларга кириш жойларида мухлисларнинг тана ҳароратини ўлчашни ташкиллаштириш, коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатга эга бўлиши тавсия этилади. Ишқибозлар мусобақалар давомида тиббий ниқобдан фойдаланишлари, ижтимоий масофа сақлашлари ва муҳим санитария-гигиена қоидаларига риоя этишлари талаб этилади.
Навбатдаги уй ўйинини "Пахтакор" 25 сентябрь куни Тошкентда "Турон"га қарши ўтказади.