Жамоамиз бош мураббийи "Навбаҳор" билан беллашувдан кейин ўйин ҳақида фикрларини билдирди.
- Бугунги учрашув "Металлург" билан ўйиндан фарқли бўлди, дея оламан. Рақиб яхши ҳимояланди. Биз албатта вазиятлар ярата олдик. "Навбаҳор" сўнгги тўртта ўйинда битта гол ўтказиб юборганди. Ҳимояда уюшқоқ ҳаракат қилади. Бугун ҳам шундай бўлди. Тан олиш керак, рақиб ҳимоячилари муносиб қаршилик қилди. Иккинчи бўлимда тўп назорати 75га 25 бўлганини ўзи айтиб турибди. Ортиқча шарҳ шарт бўлмаса керак.
Ўйинга чуқур эътибор берадиган бўлсак, одатда замонавий футболда тўпга кўп эгалик қиладиган жамоа кам югуради. Чунки тўп сизда бўлади ва ўйинни сиз бошқарасиз. Шу боис бугун ўз ўйинимизни ташкил қилиш борасида муаммо бўлгани йўқ, деб ўйлайман. Биз ҳар доимгидек ўйинни назорат қилдик. Керак паллада бўш зоналардан таваккал узатмалар амалга оширдик. Бирга-бир вазиятларга чиқиб боришга уринишди. Ўзбек футболини ривожлантириш учун ҳимояда тўғри келганча ўйнаш эмас, аксинча сиз истаган ўйинга рақибни мажбур қила олишингиз керак.