"Пахтакор" – "Навбаҳор" учрашувида автомобиль ютиб олган инсон билан суҳбат.
28 апрель куни бўлиб ўтган "Пахтакор" – "Навбаҳор" учрашуви танаффус вақтида ўтказилган "Омадли мухлис" акциясида пойтахтлик Фарҳод Умматов асосий соврин "Дамас" автоулови соҳибига айланди. Вазиятдан фойдаланиб, бу инсон билан суҳбат уюштирдик.
Фарҳод Умматов ("Омадли мухлис" акцияси ғолиби) : - Ёшим 55 да. 30 йилдан ортиқ вақт давомида "Пахтакор"га мухлислик қиламан. Имкон бўлган вақтларда севимли жамоамни стадионга келиб қувватлаш менга одат бўлиб қолган. Тўғрисини айтсам, бундай акцияларга ишонмасдим, лекин 28 апрель куни ҳам қўшним билан футбол ҳақида сухбатлашиб қолдим. Гапни кўпайтирмасдан суҳбатимизни "Пахтакор" стадионида давом эттириш таклифи иккимизга манзур келди ва стадионга йўл олдик. Ўзим "Пахтакор" стадионидан узоқ бўлмаган жойда истиқомат қиламан. Қўшним ўтган учрашувда "Омадли мухлис" акциясида иштирок этгани ва ундан 5 қадам узоқроқда турган инсон "Дамас" автоуловни ютиб кетганлигини кўп гапирди. Стадионга келишнинг асосий сабаби футбол, лекин клуб томонидан мухлислар учун яратилган имконият таҳсинга лойиқ. Энди ўз машинамни фарзандимга бериб, бу "Дамас"ни ўзим ҳайдайман. Вазиятдан фойдаланиб, "Пахтакор"га омад тилаб қоламан.