"Пахтакор" академияси тарбияланувчиси Иброҳимҳалил Йўлдошев фаолиятини Россия премьер-лигасида давом эттриради.
"Пахтакор" ва "Нижний Новгород" клублари футболчини Россияга трансфер қилиш борасида келишувга эришди. Йўлдошев "Шерлар" таркибида жами 18 ўйинда 2 гол урган.
Футболчининг ўзи "Пахтакор" билан хайрлашиши ҳақида ушбу фикрларни билдирди.
- Ассалому алайкум. Фаолиятимда янги босқич бошланмоқда. Россиянинг "Нижний Новгород" жамоасига ўтяпман. Бу мен учун янги синов. Ўзим учун осон бўлмаган қарорга келдим, аммо бу фаолиятимни давом эттириш учун унинг тўғри эканига ишонаман. Ҳозир менга жаҳондаги энг ажойиб мухлислар саналган "Пахтакор" ишқибозларининг қўллаб-қувватлаши ҳар қачонгидан ҳам зарур. Тошкентда сизларнинг қўллашингизни ҳис қилдим. Ва уни қадрдон Ўзбекистондан минглаб километр узоқда ҳам ҳис қиламан. Барчаси учун раҳмат! Ғамхўрлиги учун клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби, барча ходимлар, жамоадошларим, дўстларим ва академияда менга катта футболга йўл берган мураббийларимга миннатдорчилик билдираман. "Пахтакор"даги йиллар мен учун энг яхши даврга айланди. Кўмагингизни доим ёдда тутаман ва бир кун келиб қадрдон жамоамга қайтишимга ишонаман.