Боткин қабристонида 1979 йил ҳаётдан кўз юмган жамоа вакилларини хотирлаш тадбири ўтказилди.
Унда футбол жамоатчилиги, мутахассислар, фахрийлар ва мухлислар жам бўлишди. Маросимни олиб борган таниқли спорт шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ўша "Пахтакор" бутун Ўзбекистонни дунёга танитгани, фожиа сабабли ўзбек футболи катта йўқотишга учрагани тўғрисида гапириб ўтди. Шундан кейин ЎФА бош котиби Аваз Максумов, "Пахтакор" ФК раиси ўринбосари Дилшод Каримов, футбол фахрийси Евгений Валицкий, ЎФА фахрийлар кенгаши раиси Тўлаган Исоқов, Грециядан ушбу тадбир учун ташриф буюрган меҳмонлар ва ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов сўзга чиқиб, шонли жамоа хотираси ҳақида сўзлаб ўтишди, уларни ёдга олиб, юртимиз футболи учун амалга оширган ишларини эътироф этишди.
"Пахтакор" учун катта ишларни амалга оширган буюк жамоа ҳеч қачон унутилмайди. Улар доимо қалбимизда ва ёдимизда!