"Пахтакор" Суперлига 11-турида "Сурхон"ни йирик ҳисобда доғда қолдирди ва пешқадамлик мавқеини янада мустаҳкамлади.
Жамоамиз илк ҳужумдаёқ гол уришга эришди. Сайфиевнинг чап қанотдан жарима майдонига узатган тўпини Турғунбоев боши билан дарвозага аниқ йўллади - 0:1. Номинал мезбонларда 10-дақиқада биринчи бўлимдаги ягона голли вазият бўлди. Холтўраевнинг зарбасидан кейин дарвозага кириб кетаётган тўпни Анзур Исмоилов қайтариб қолишга муваффақ бўлди. Ўйинни назорат қилган "Шерлар" босимни кучайтиришди. Холматовнинг зарбаси устундан қайтган бўлса, Чераннинг уринишини дарвозабон бартараф этди. 22-дақиқада эса Алижонов оширган тўпни тўхтатиб олган Темиров яқин масофадан иккинчи голни урди. 30-дақиқада Алижоновнинг зарбасидан сўнг Аҳмедов тўпни қайтариб юборди.
Иккинчи бўлимда ҳам устунликни ўзида сақлаб қолган жамоамиз икки дақиқада икки тўп киритди. 57-дақиқада Чераннинг ажойиб узатмасидан кейин Турғунбоев яккама-якка вазиятда дарвозани ишғол этди. Сўнг Алижонов иккинчи бор Темировнинг голига ҳаммуаллифлик қилди. Шерзод деярли бўш қолган дарвозага тўпни киритиб қўйди. Қолган вақт давомида ҳам ўйинни тўлиқ назорат қилган "Пахтакор" йирик ҳисобдаги муваффақият билан энг таъқибчисидан олти очкога ўзиб кетишга эришди.
"СУРХОН" - "ПАХТАКОР" - 0:4 (0:2)
27 июнь. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 1753 томошабин.
Ҳакамлар: Р.Каримов, О.Қосимов, Ҳ.Набиев, Ф.Янсупов.
Назоратчи: М.Исмоилов.
Комиссар: Л.Қўчқоров.
"Сурхон": Аҳмедов, Ёқубов, Салимов, Тошпўлатов (Темиров, 82), Норов (Бобожонов, 71), Холтўраев (Чориев, 87), Бубанья, Ҳасанов (Эсонқулов, 82), Ғофуров (Бойматов, 46), Шобиров, Шайдулов.
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов, Аъзамов (Чобанов, 77), Анзур Исмоилов, Сайфиев (Йўлдошев, 62), Иминов, Собирхўжаев (Муҳиддинов, 62), Турғунбоев, Черан, Холматов (Файзуллаев, 77), Темиров (Холдорхонов, 84).
Голлар: Турғунбоев, 2 - 0:1. Темиров, 22 - 0:2. Турғунбоев, 57 - 0:3. Темиров, 58 - 0:4.
Огоҳлантириш: Тошпўлатов, 60.