Суперлиганинг 10-тур марказий ўйинида жамоамиз Тошкентда "Сўғдиёна"ни қабул қилади.
Жорий мавсум Суперлигада ҳали мағлубиятга учрамаган ва турнир жадвалида дастлабки икки поғонани эгаллаб турган жамоалар - "Пахтакор" ва "Сўғдиёна"нинг ўзаро тўқнашуви биринчи даврадаги энг аҳамиятли беллашувлардан бирини тақдим этади. Шу сабабли мазкур баҳснинг кескин кечишини кутиш мумкин. Жамоамиз сафида дисквалификация сабабли мазкур баҳсни Драган Черан ўтказиб юборади.
Миллий чемпионатлар доирасида ўзаро 50 учрашув бўлиб ўтган. 41 беллашувда жамоамиз ғалабага эришган бўлса, 4та ўйинда дуранг қайд этилган ва 5 баҳсда рақибнинг ғалабаси қайд этилган. 125 гол урган "Шерлар" ўз дарвозасидан 39 тўп ўтказиб юборишган. "Пахтакор"нинг энг йирик ғалабалари 6:1 ва 5:0 ҳисобларида кузатилган. Тошкентдаги 25 баҳснинг 23тасида жамоамиз муваффақиятини нишонлаган. Шундан 12 ғалаба йирик натижа билан қўлга киритилган. Ўз майдонида жамоамиз 90 гол уриб, 18 тўп ўтказиб юборган. Фақат бир мартадан жиззахликлар ютуғи ва дуранг қайд этилган. 1995 йилдан бери "Сўғдиёна" сафар ўйинларида очко олмаган.
Ўйиндаги ғалаба "Шерлар"нинг турнир жадвалида пешқадамликни янада мустаҳкамлашига ёрдам беради.
"Пахтакор" ва "Сўғдиёна" жамоалари ўртасидаги ўйин 19 июнь, шанба куни соат 20:00да "Пахтакор" стадионида бошланади.