"Пахтакор"да футболчи ва мураббий сифатида яхши ном қолдирган Аҳрол Иноятов туғилган кунини нишонламоқда.
1963 йил "Пахтакор" сафига қабул қилинган Иноятов 1965 йил 6 июнь куни жамоа асосий таркибида майдонга тушди. Меҳмонда АСК "Одесса"га қарши кечган учрашувда ҳисоб очилмаган. У СССР чемпионати олий ва биринчи лигасида жами 158 учрашувда майдонда ҳаракат қилган. Ҳимоячи бўлишига қарамай, рақиблар дарвозасини 3 марта ишғол этган. Бир неча йил давомида "Пахтакор"ни сардор сифатида майдонга бошлаб тушди. Фаолиятини анча эрта, 27 ёшда жиддий жароҳат сабабли якунлашга мажбур бўлган.
"Пахтакор"да ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида ишлаган кам сонли инсонлардан бири айнан Аҳрол Иноятов саналади. Қолаверса, у жамоамизга ҳам СССР, ҳам Ўзбекистон чемпионатида бош мураббийлик қилган ягона мутахассисдир. 1992 йил жамоамиз илк чемпионлигини айнан Иноятов қўл остида қўлга киритган. "Пахтакор"ни чемпионатларда жами 56 баҳсда бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушган. Шунингдек, жамоа бошлиғи сифатида ҳам фаолият юритган.
"Пахтакор" учун узоқ йиллар давомида тер тўккан Аҳрол Иноятовга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаб, клубимиз олдидаги хизматлари учун миннатдорчилик билдирамиз.