Клубимиз тарихидан маълумотлар беришни 1957 йилги мавсум билан давом эттирамиз.
Ушбу йили "Пахтакор" "Б" классида ўзининг иккинчи мавсумини ўтказди. 30 ўйиннинг 9тасида ғалаба қозонган жамоамиз 6 беллашувда дуранг ўйнаб, 15 баҳсда мағлубиятга учради. Рақиблар дарвозаси 36 бор ишғол қилинди. Жамоа дарвозасидан 39 гол ўтказиб юборилди. 24 очко тўплаган "Пахтакор" турнир жадвалида 10-ўринни эгаллади. Жамоага дастлабки 19 баҳсда Юрий Ходотов, кейинги 11 учрашувда Лев Ольшанский бошчилик қилди. Жамоа бошлиғи сифатида Михаил Арустамов фаолият юритди.
Мавсум давомида чемпионат баҳсларида 22 нафар футболчи майдонга туширилди. Анатолий Козенков ва Михаил Боркин барча беллашувларда иштирок этишди. Боркин 11 гол билан жамоа тўпурарига айланди. Учта халқаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушган "Пахтакор" уларда мағлубиятга учрамади.