Тожиров "Пахтакор" таркибида чемпионатларда энг кўп ўйин ўтказган 20 футболчидан бири саналади.
Владимир Тожиров 1940 йилнинг 2 июнь куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. "Меҳнат захиралари" жамоаси таркибида футболчилик фаолиятини бошлаган. Фаолиятининг ёрқин йилларини "Пахтакор" сафида ўтказган. У 7 мавсум давомида "Пахтакор" шарафини ҳимоя қилган. 1967 йилда Москванинг "Локомотив" клуби шарафини ҳимоя қилган. Футболчилик фаолиятини "Фрезер" (Москва) ҳаваскорлар клубида якунлаган.
СССР чемпионатларида жамоамиз учун 225 учрашув ўтказиб, рақиблар дарвозасини 8 маротаба ишғол қилган. Тожиров фаолиятини ҳимоячи сифатида бошлаб, ярим ҳимоячи амплуасида тугатган. Владимир "Пахтакор" таркибида Валерий Мухин билан ажойиб тандем ҳосил қилганди.
Тожиров 1964 йилда "Пахтакор" Тошкентда Уругвайнинг "Насионал" жамоасига қарши беллашувда рақиб дарвозасига биринчи тўпни киритган. 1962 йил СССР чемпионатларида энг яхши натижа қўлга киритилишига ўз ҳиссасини қўшган. У 2011 йил ҳаётдан кўз юмган.
Владимир Тожиров сингари "Пахтакор" афсоналари клуб ва жамоа мухлислари томонидан ҳамиша эсланади ва қадрланади!