"Пахтакор" тарихидаги энг яхши дарвозабонлардан бири саналган Юрий Пшеничников 1940 йил 2 июнь куни туғилган.
Катта футболга Тошкентнинг "Меҳнат захиралари" жамоасидаги фаолияти орқали кириб келган Пшеничников 1960 йил "Пахтакор" сафига таклиф этилган. Жамоамиздаги фаолияти орқали у СССР миллий терма жамоасига чақирилган ва жами 19 беллашувда майдонга туширилган. 1968 йилги Европа чемпионатида терма жамоа билан ярим финалда иштирок этган.
СССР чемпионатининг ҳар йил якунларига кўра аниқланган энг яхши 33 футболчи рўйхатидан Юрий Пшеничников икки марта - 1966 ва 1967 йилларда ўрин олган. 1968 йил у мамлакатнинг энг яхши дарвозабони деб топилган.
1960-67 ва 1972 йилларда чемпионат баҳсларида 231 учрашувда майдонга тушди. Жами 250га яқин беллашувларда "Пахтакор" шаънини ҳимоя қилди. Клубимиз ва ўзбек футболи тарихида энг яхши посбонлардан бири сифатида ўз номини ёздириб қўйди. Мураббийлик фаолиятида эса кўплаб клубларда ишлаб, шогирдлар тарбиялади.
Юрий Пшеничников ҳамиша Ўзбекистоннинг энг яхши дарвозабонларидан бири сифатида қалбимизда қолади.