Ҳукумат қарори асосида "Пахтакор" футбол клуби бошқаруви Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказилди.
Шу муносабат билан бугун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев "Пахтакор" футбол клуби раҳбарияти, асосий жамоа ва клуб вакиллари билан учрашиш учун "Пахтакор" стадионига ташриф буюрди. Унда Тошкент шаҳар ҳокими "Пахтакор" жамоаси ҳамиша ўзбек футболи фахри бўлиб келгани, бундан буён клубда барча шароитлар муҳайё этилиши борасида футболчиларга таъкидлади. Жамоа Ўзбекистонда етакчиликни сақлаб, Осиё Чемпионлар Лигаси ғолибига айланиш мақсадида ҳаракатларини мунтазам кучайтириб боришига урғу берди. Бунинг учун барча зарур шароитлар яратиб берилиши, ёш футболчилар ва академияга эътибор қаратилиши тўғрисида айтиб ўтди. Клубдаги дўстона муҳит янги ғалабалар ва ривожланиш йўлида асосий қадам бўлиши ҳақида таъкидлади. Клубда айни пайтда фаолият кўрсатаётган раҳбарият ва ходимлар ишга профессионал муносабатда бўлиб, охирги йилларда клубни юқори даражага олиб чиқишда фаол меҳнат қилаётгани ва катта ҳажмда ишлар бажарилганини эътироф этди.
Учрашув якунида "Пахтакор" бош мураббийи Питер Хюистра ва жамоа сардори Егор Кримец миннатдорчилик сифатида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга "Пахтакор"нинг биринчи рақамли либосини тақдим этишди.