Суперлига 9-турида "Шерлар" Навоийда "Қизилқум" билан тўқнаш келишди.
Биринчи бўлимда тўпни назорат қилишда тўлиқ устунлик жамоамиз тарафида бўлди. Бироқ рақиб дарвозаси олдида ўта кескин ҳолатлар унчалик кўп юзага келмади. Бунга мезбонларнинг ҳимоядаги ишончли ўйини ҳам сабаб бўлди. 8-дақиқада Холматовнинг боши билан йўллаган зарбасидан сўнг тўпни Нестеров ушлаб олди. Орадан кўп ўтмасдан Холматовнинг қанотдан дарвоза ёнига оширган тўпига ҳеч ким етиб кела олмади. Бўлим якунида эса жуда қулай имкониятдан Муҳидинов фойдалана олмади. Шарофнинг яқин масофадан тепган тўпи ноаниқ кетди.
Иккинчи бўлимни жамоамиз фаолроқ бошлади ва кетма-кет кескин ҳолатларни юзага келтирди. Дастлаб Дердийокнинг зарбасидан сўнг Нестеров тўпни ушлаб олди. Кейинроқ Қувватов Қиличевнинг аниқ уринишида маҳоратини намойиш қилди. Ҳужумларни кўпайтириб борган "Пахтакор" 62-дақиқада ҳисобни очди. Алижонов тўпни жарима майдонига оширгач, ҳимоячи тўпни қайтаришда хатога йўл қўйди ва бундан фойдалаган Черан яқин масофадан хотиржамлик билан дарвозани ишғол қилди - 0:1.
Шундан кейин мезбонлар иккита кескин ҳужум уюштиришди. Бойдуллаевнинг зарбасида Қувватов ишончли ўйнаган бўлса, Саъдуллаев ноаниқ зарба йўллади. Ўз навбатида жамоамиздан Дердийок, Эркинов ва Анзур Исмоиловнинг зарбалари хавфли чиқди. Ўйин охирларида хотиржам ўйнаган "Пахтакор" муҳим ғалабани сақлаб қолди ва пешқадамликни сақлаб қолди.
"ҚИЗИЛҚУМ" - "ПАХТАКОР" - 0:1 (0:0)
19 май. Навоий. "Ёшлар" стадиони. 7832 томошабин.
Ҳакамлар: А.Шукуруллаев, З.Элибоев, Ф.Усмонов, Ҳ.Музаффаров.
Назоратчи: К.Смирнов.
Комиссар: В.Назаров.
"Қизилқум": Нестеров, Бойдуллаев, Қиличев, Кухианидзе, Ватсадзе (Мустафоев, 62), Қамбаров, Азимов (Жўраев, 70), Ҳасанов (Саъдиллоев, 46), Тўхтахўжаев, Убайдуллаев, Толмасов.
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Аъзамов, Анзур Исмоилов, Сайфиев, Аброр Исмоилов, Муҳиддинов (Иминов, 72), Эркинов (Йўлдошев, 88), Холматов (Турғунбоев, 72), Черан, Дердийок (Холдорхонов, 88).
Гол: Черан, 62 - 0:1.
Огоҳлантиришлар: Тўхтахўжаев, 68. Иминов, 79. Черан, 85. Эркинов, 88. Жўраев, 89. Қувватов, 90+2. Бойдуллаев, 90+4.