"Қўқон-1912" билан учрашувдан кейин "Пахтакор" бош мураббийи ўйин ҳақида фикрларини билдирди.
- "Қўқон-1912" ўйинларини ўрганиб чиққандик, бу жамоа хавфли рақиб. Улар қарши ҳужумларда жуда яхши ўйнашади. Дастлабки 20 дақиқада қўқонликларда кўп вазиятлар бўлди, 25-дақиқадан кейин ташаббусни қўлга олдик. Голни ҳам жуда муҳим пайтда уриб олдик. Танаффусдан кейин ҳам шу суръатни ушлаб қолдик. Сўнгги пайтда учта ўйинда олдинда бориб якунда дуранг қайд этгандик. Бугун бундай бўлмаганидан хурсандман. Ўйинчилар охиригача ҳужумкорликни тўхтатишмади. Рамазон ойида деярли бутун жамоа рўза тутгани сабабли жисмоний жиҳатдан барибир қийинроқ бўлди. Энди янги давр бошланади ва жисмоний ҳолатимиз ҳамда ўйин томонлама янада кучаямиз.
Мавсумни қанотларда Рашидов ва Турғунбоев билан бошлагандик. Ўтган мавсум таркибимизда кўплаб футболчилар бор эди. Бу йил эса 20 нафар футболчи машғулотларда иштирок этишмоқда. Эркинов ва Холматовга халқаро ўйинларда имконият бердик, улар муносиб ўйнашгани учун ҳозир ҳам майдонга тушираяпмиз. Бундан хурсандман. Лекин ҳали мавсум узоқ давом этади. Рашидов ҳам, Турғунбоев ҳам жамоамизнинг муҳим аъзолари. Кўплаб футболчиларимиз терма жамоада ҳам ўйнаши керак. Уларни яхши ҳолатда терма жамоа ихтиёрига боришларини ҳам таъминлашимиз керак.
Футболчилар баъзида маошларини ололмай қолишса, бу ёқимли ҳолат эмас. Гарчи молиявий қийинчиликлар бўлса ҳам машғулотларда бор кучлари билан шуғулланишмоқда. Бу билан улар ҳақиқий профессионал эканликларини исботлашмоқда. Биз Суперкубокни қўлга киритдик ва Суперлигада пешқадамлик қилаяпмиз, демак жамоада барчаси жойида эканини кўриш мумкин. Эртага Ҳайит байрами, балки ҳомийлар бўйича яхши янгиликлар бўлиб қолар.