Футзал бўйича олий лигада сўнгги тур баҳсларига старт берилди.
"Пахтакор" биринчи кунги беллашувда "Максам-Чирчиқ" билан баҳс олиб бориб, 2:1 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди. Биринчи бўлимда кўплаб голли вазиятларга эга бўлган жамоамиз уларнинг биттасидан унумли фойдаланди. Суннат Жўраев стандарт ҳолатдан кейин кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди. Кескин ўтган иккинчи бўлимда эса Машраб Одилов рақиб хатосидан фойдаланган ҳолда орадаги фарқни оширди. Сўнгги дақиқада Жавлон Аноров ҳисобни қисқартирди.
Ушбу ғалабадан кейин 42 ўйинда 113 очко тўплаган "Пахтакор" футзал жамоаси пешқадамликни давом эттирмоқда. Навбатдаги икки учрашувда зафар қучилган тақдирда Шуҳрат Тошмедов шогирдлари чемпионга айланишади. Эртага "Бунёдкор" билан ўйин соат 16:00да "Ўзбекистон" спорт мажмуасида бошланади.
"МАКСАМ-ЧИРЧИҚ" - "ПАХТАКОР" - 1:2 (0:1)
Голлар: Аноров 40 - Жўраев 15, Одилов 31.