"Эйр Форс" устидан қозонилган ғалабадан сўнг бош мураббий Питер Хюистра матбуот анжуманида ўйин ҳақида фикрларини билдирди.
- Турнирда охирги ўйинни ўтказдик. Ёш футболчиларга имконият бердик. Улар ўйинга энергия бера олишди деб ўйлайман. Ёшлар ҳар беллашувда барқарор ўйнамаслиги мумкин, лекин ўзларига керакли тажрибани тўплаб боришади. Баъзи учрашувларда кутилган натижага эриша олмадик, бироқ яхши футбол намойиш этишга интилдик. Энди Тошкентга қайтиб, чемпионатнинг навбатдаги баҳсига ҳозирлик кўрамиз.
Икки ўйинда ғалабани охирги дақиқаларда қўлдан чиқардик. Ўша ютуқларни сақлай олганимизда тўрт очко кўпроқ жамғаришимиз мумкин эди. Албатта, ўтган йилги таркиб билан ҳозиргиси ўртасида фарқ бор. Чемпионлар Лигасида бир беллашувда ютқаздик, аммо ташаббус билан ўйнаган ҳолда баъзи беллашувларни юта олмадик. Ёшлар эса мавсум давомида бизга ёрдам беришда давом этишади. Улар жамоа ўйин услубига мослашиб боришмоқда.