"Эйр Форс" билан 6-тур баҳсидан аввал матбуот анжуманида бош мураббий Питер Хюистра ва ҳимоячи Иброҳимҳалил Йўлдошев қатнашди.
Хюистра: - Бизни гуруҳдаги охирги ўйин кутмоқда. Жамоа шаъни учун майдонга тушиб, ғалаба қозонишимиз керак. Афсуски, кейинги босқичга чиқиш имкониятини йўқотиб бўлдик. Эртага майдонга камроқ тушаётган футболчилар ва ёшларга имконият берамиз.
Таркибимизда иқтидорли ёшлар борлигини кўпчилик кўрди. Улар тез орада юқори даражага кўтарилиш имконига эга. Умид қиламанки, ушбу футболчилар билан кейинги йил анча кучлироқ ҳолда мусобақага қайтамиз.
Йўлдошев: - Сўнгги ўйинда зафар қучишга интиламиз. Мухлисларни ҳеч бўлмаганда мазкур ютуқ билан хурсанд қилишни истаймиз. Таркибда мен каби ёшлар кўп ва кўпчилик яхши савияда ўйнай олади. Мураббий ишончини оқлашга интиламиз. Халқаро даражадаги ўйинларда босим юқорироқ. Ёш футболчилар бундай беллашувларда катта тажрибага эга бўлади. Келажакда бу бизга асқотади.