Чемпионлар Лигаси 4-турида "Пахтакор" жуда кўплаб голли вазиятлар яратган ҳолда ғалаба қозона олмади.
Ўйин давомида тўлиқ устунлик қилган жамоамиз рақиб дарвозасига жами 18 марта зарба берди, бироқ улардан биттасини голга айлантирди. Рақибнинг эса дарвозага аниқ берган ягона зарбаси гол билан тугади. Биринчи бўлимда Дердийок, Эркинов ва Алижоновнинг зарбаларидан сўнг рақиб посбони маҳорат кўрсатди. Черан ва Холматовнинг зарбаларига эса аниқлик етишмади.
Иккинчи бўлимда Алижоновнинг узатмасидан сўнг Дердийок яқин масофадан дарвозани ишғол қилди. Кейинчалик Алижонов, Черан, Муҳиддинов ва Эркиновнинг жуда хавфли зарбалари салгина ноаниқ бўлди ёки рақиб дарвозабони маҳорат кўрсатди. 87-дақиқада ён ҳакамнинг қўпол хатоси сабабли ҳимоячиларимиз тўхтаб қолишди ва "Шаржа" ҳисобни тенглаштирди. Шундан сўнг Муҳиддиновда қулай имконият бўлди, аммо Шароф тўпни юқорига йўллади. Шу тариқа мазкур баҳсда ўта омадсиз бўлган "Пахтакор" дуранг билан кифояланди.
"ПАХТАКОР" - "ШАРЖА" - 1:1 (0:0)
23 апрель. Шаржа. "Шаржа" стадиони.
Ҳакамлар: Фу Мин, Ван Дешин, Жу Феи, Ма Нин (Хитой).
Назоратчи: Суреш Сринивасан (Ҳиндистон).
Комиссар: Кемел Токабаев (Қирғизистон).
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Аъзамов, Анзур Исмоилов, Сайфиев, Муҳиддинов, Собирхўжаев, Эркинов, Черан, Холматов (Йўлдошев, 79), Дердийок (Аброр Исмоилов, 79).
"Шаржа": Одил Ал Ҳусани, Шаҳин Абдалла, Кайо, Муҳаммад Абдулбасит (Саиф Рашид, 73), Ҳолид Бавазир (Игорь Коронадо, 80), Али Муҳаммад (Абдулазиз Кааби, 80), Абдалла Ғаним, Ҳолид Иброҳим, Салим Солиҳ (Муҳаммад Халфан, 84), Луан Перейра, Шукуров.
Голлар: Дердийок, 59 - 1:0. Муҳаммад Халфан, 87 - 1:1.
Огоҳлантиришлар: Муҳиддинов, 10. Али Муҳаммад, 64. Собирхўжаев, 68. Сайфиев, 80.