Суперлига 5-туридан ўрин олган марказий ўйинда "Шерлар" Наманганда "Навбаҳор" билан баҳс олиб борди.
Мазкур ўйинда Кримец дисквалификация, Дердийок эса кичик жароҳати сабабли майдонга туша олишмади. Ҳужумда навбати билан Черан ва Рашидов ҳаракат қилган бўлсалар, марказий ярим ҳимояда Собирхўжаев-Исмоилов-Муҳиддинов учлиги тўп тепди. Дастлабки дақиқаларда майдонда эҳтиёткор футбол намойиш этилди. Дарвозалар сари яққол хавфли зарба бериш 30-дақиқадан бошланди. Исоқжоновнинг аниқ зарбасидан кейин Қувватов тўпни майдон ташқарисига уриб юборди. Кейинги дақиқада қарши ҳужумдан сўнг Сайфиевнинг яқин масофадан уриниши ноаниқ кетди. 40-дақиқада ҳисоб очилди. Тезкор ҳужумни Рашидов давом эттириб, Собирхўжаевга тўпни узатди. Сардор эса Черанга тўпни ташлади ва Драган 16 метрлардан дарвозанинг юқори бурчагига аниқ зарба йўллади - 0:1. Ушбу натижа танаффусгача ўзгармади.
Иккинчи бўлимда майдонда яккакурашлар кўпроқ учради. Майдон ҳолати ҳам яхши футбол кўрсатишга халал берди. 71-дақиқада мезбонлар чиройли ҳужумдан сўнг мувозанатни тиклашди. Исоқжонов аниқ зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди. Шундан кейин олдинга ташланган жамоамиз ўйин сўнггида ғалабани ўз томонига оғдирди. Рашидовга нисбатан ишлатилган қўполлик учун ҳакам ВАР орқали вазиятни текширгач, пенальти белгилади. Ундан Черан унумли фойдаланиб, "Шерлар" ғалабасини таъминлади. Шу тариқа жамоамиз Наманганда ажойиб муваффақиятни нишонлади.
"НАВБАҲОР" - "ПАХТАКОР" - 1:2 (0:1)
7 апрель. Наманган. "Марказий" стадион. 15992 томошабин.
Ҳакамлар: Фирдавс Норсафаров, Абдуҳамидулло Расулов, Жаҳонгир Саидов, Фарруҳ Янсупов.
Назоратчи: Марат Исмоилов.
Комиссар: Саид Шоҳруҳ.
"Навбаҳор": Юсупов, Аҳмедов, Соловьёв, Рўзиев, Исоқжонов (Ўринбоев, 76), Паншанбе (Тасич, 69), Ғофуров, Голбан, Ҳошимов, Путинканин, Стоянович (Ғуломов, 57).
"Пахтакор": Қувватов, Сайфиев, Аъзамов, Анзур Исмоилов, Йўлдошев, Аброр Исмоилов, Собирхўжаев, Турғунбоев (Эркинов, 46), Муҳиддинов (Иминов, 72), Рашидов, Черан (Азмиддинов, 90+4).
Голлар: Черан, 40 - 0:1. Исоқжонов, 71 - 1:1. Черан, 90-пен - 1:2.
Огоҳлантиришлар: Исоқжонов, 22. Аъзамов, 45+3. Ҳошимов, 74. Голбан, 81. Черан, 82. Қувватов, 90+6.