Суперлига бешинчи турида "Пахтакор" Наманганда "Навбаҳор"га қарши ўйнайди.
"Пахтакор"дан Егор Кримец дисквалификация туфайли мазкур беллашувда майдонга туша олмайди. Ушбу жамоалар чемпионатлар доирасида барча мавсумларда иштирок этиб келишмоқда. Юқори лигада энг кўп тўқнашувлар шу икки клуб ўртасида кузатилган.
Ҳозирга қадар жамоалар чемпионатларда 60 учрашувда майдонга тушишган. Ўзаро ўйинлар бўйича устунлик яққол "Шерлар" тарафида. 37 баҳсда зафар қучган "Пахтакор" 10 бор рақиб билан дуранг ўйнаган ва 13 марта имкониятни бой берган. "Навбаҳор" дарвозасига 101 гол урилиб, 47 тўп ўтказиб юборилган. 9 баҳсда "Шерлар" йирик ҳисобда устун келишган. Айни пайтгача Наманганда бўлиб ўтган 30та баҳснинг 12тасида жамоамиз зафар қучган бўлса, 6 ўйин дуранг билан тугаган. Қолган 12 учрашув рақиб ғалабаси билан якунланган. Наманганда "Пахтакор" 34 тўп киритиб, 28 гол ўтказиб юборган. Ўтган йилги беллашувда 1:1 ҳисоби қайд этилган.
Ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйинлари тарихида қайд этилган энг йирик ҳисоб - 7:0. Ушбу ҳисоб 2009 йили Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда қайд этилиб, унда “Пахтакор” зафар қучганди.
“Навбаҳор” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги ўйин 7 апрель, чоршанба куни 18:30да Намангандаги "Марказий" стадионда бошланади.