Мавсумни муваффақиятли бошлаган "Шерлар" Суперлига 4-турида "Металлург" билан ўйинда буни давом эттиришга уриниб кўришади.
Чемпионатлар доирасида клублар 48 бор тўқнаш келишган. "Шерлар" 40 беллашувда зафар қучишган, 4 ўйинда "Металлург" ғолиб чиққан. 4 учрашувда жамоалар дуранг ўйнашган. “Пахтакор” 128 гол уриб, ўз дарвозасидан 36 тўп олиб чиққан. "Металлург"ни айни пайтда Жасур Абдураимов бошқармоқда. Ушбу мутахассис охирги бир неча йилда жамоамиз мураббийлар штабида фаолият юритганди.
Тошкентдаги ўйинларнинг 22тасида “Шерлар” устун келишган. 2 учрашувда дуранг кузатилган. Жамоамиз уйдаги баҳсларда "Металлург"га умуман мағлуб бўлмаган. Охирги 10 ўйиннинг барчасида "Пахтакор" ушбу рақибдан устун келган. Сўнгги марта Бекобод жамоаси 2016 йилги мавсумда ўз майдонида 2:0 ҳисобида ғалабага эришган. Ўзаро баҳсларда энг йирик ғалаба - 6:0 натижаси "Пахтакор"га тегишли. 2003 ва 2006 йилларда "Шерлар" рақибни шундай натижалар билан доғда қолдиришган. Йирик ғалабаларимиз сони жами 16тани ташкил қилади.
Беллашувни дисквалификация туфайли ўтказиб юборадиган футболчилар йўқ.
"Пахтакор" ва "Металлург" ўртасидаги учрашув 2 апрель, жума куни "Пахтакор" стадионида соат 18:30да бошланади. Мухлисларни чиройли футболдан баҳраманд бўлишга чақириб қоламиз.