"Пахтакор" футзал жамоаси олий лигада чемпионлик тақдирини ҳал этиши мумкин бўлган беллашувда АГМКдан 3:2 ҳисобида устун келди.
Тўртинчи давранинг марказий баҳси қайсидир жамоага чемпионат якунланиши арафасида асосий рақибидан уч очкога ўзиб кетиш имкониятини яратиши мумкин эди. Якунда буни Шуҳрат Тошмедов шогирдлари уддалашди. Жуда кескин кечган баҳсда футзалчиларимиз қийин ва зарур ғалабани қўлга киритишди. Биринчи бўлимда рақибдан Анас Раҳматов киритган тўп ягоналигини сақлаб қолди. Иккинчи бўлимда ҳужумкорлик ва ўйин суръатини анча оширган "Пахтакор" 33-дақиқада мувозанатни тиклади. Бурчакдан узатилган тўпни Суннат Жўраев кучли зарбаси билан дарвозага "михлади". Кейин эса Акбар Усмонов белгиланган пенальтидан фойдалана олмади. Лекин навбатдаги ҳужумда Акбарнинг узатмасидан кейин Машраб Одилов дарвозанинг юқори бурчагини аниқ ишғол қилди - 2:1. Бироқ голни либосини ечиб нишонлагани сабабли у майдондан четлатилди ва АГМК Юнусовнинг зарбаси эвазига ҳисобни тенглаштирди. Ўйиндаги ҳал қилувчи гол Фарҳод Абдумавлонов ҳисобига ёзилди. У рақибни алдаб ўтган ҳолда яқин масофадан дарвозага тўп киритди. Муҳим ғалабага эришган "Пахтакор" 37 ўйиндан кейин очколари сонини 100тага етказди. Мавсум тугашига 7 тур қолганда жамоамиз АГМКдан уч очкога ўзиб кетди. 14-турнинг сўнгги ўйинида футзалчиларимиз эртага соат 13:00да "Бунёдкор" залида "Қўқон-1912" билан тўқнаш келишади.
"ПАХТАКОР" - АГМК 3:2 (0:1)
Голлар: Раҳматов, 10 - 0:1. Жўраев, 33 - 1:1. Одилов, 34 - 2:1. Юнусов, 35 - 2:2. Абдумавлонов, 35 - 3:2.
"Пахтакор": Ҳазратқулов, Абдумавлонов, Шавкатов, Мустафоев, Фахриддинов.
Захира: Элибоев, Ирсалиев, Одилов, Жўраев, Усмонов, Абдувалиев, Свиридов, Шобаҳромов, Ражабов, Иброҳимов, Зоиров.
АГМК: Умаров, Ҳамроев, Нишонов, Юнусов, Чориев.
Захира: Ўлмасбеков, Солиҳов, Абдураҳмонов, Ибрагимов, Валижонов, Олимов, Аҳаджонов, Раҳматов.
Четлатишлар: Одилов 35 - Ҳамроев 34.