"Локомотив" билан ўйиндан кейин жамоамиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаров матбуот анжуманида иштирок этди.
Равшан ҲАЙДАРОВ ("Пахтакор" бош мураббийи): - Қизиқарли ва шиддатли ўйинни кўрдик. Рақибга ҳеч бир жиҳатда ютқазмадик. Учрашув охиригача режаларимизни бажаришга уриндик. "Локомотив"да захирадан тушган футболчилар ўйинни кучайтиришди. Беллашув якунида хатоларимиз эвазига ютқаздик. Ўйинчилар охирги дақиқаларда қизишиб кетишди. Бу бизга қимматга тушди.
- Олдинги учрашувларда иштиёқ етишмаётгани тўғрисида гапиргандингиз. Тожиев ва Лобанов сариқ карточкалари бор ҳолда яна қоида бузаверишди. Футболчилар сизни, стадионга келган мухлисларни ҳурмат қилишадими?
- Икки ҳафтадан бери жамоадаман. Барча ҳолатлар устида ишлаяпмиз. Машғулот ва ҳаётда кўрсатмаларни тўғри тушунишмоқда. Афсуски, уларнинг онгида мавҳумлик борми ёки бошқа сабаблими, йигитларда аниқ эътибор қилиш йўқ. Таркибда муаммо кўп, 10-11 соғлом ва тажрибали футболчимиз бор холос. Агар рақобат бўлганда уларни тарбиялаб олса бўларди. Айни пайтда уларни фақат учрашувгача соғлом етказиб олишни ўйлаяпмиз. Кимнидир машғулотда бошқа хаёлда юрганини пайқаганимда ва бошқа футболчига эга бўлганимда алмаштирардим. Бугун 75-80 дақиқа рақибдан устунлик қилдик, ўйинга режани тўғри амалга оширдик. Кўп имкониятларни яратдик, пенальтидан гол ура олмадик. Жамоани омадсизлик қамраб олган. Ёшлардан иқтидорлилар ҳам жароҳат олишган. Жон деб Яхшибоевни майдонга туширардим, аммо унда ҳам жароҳат мавжуд. Мухлисларни фақат натижа қизиқтиради, аммо жамоадаги муаммоларни айтиб ўтдим.
- Сизни негадир мушкул пайтларда жамоага таклиф этишади. Бу қийин эмасми?
- Ҳа, оғир. Раҳбарият салбий вазиятни ўнглаш учун таклиф билан чиқди. Мураббий сифатида асосан шу ерда ўсишга эришганман. Фаолиятимда "Пахтакор" билан боғлиқ кўп лаҳзалар ўтган. Қандай қилиб бу клубга йўқ дейишим мумкин? Ҳар қандай қийинчиликдан чиқиб кетишга интиламиз. "Навбаҳор"га қарши беллашувда Ҳошимов, Тожиев ва Лобановни майдонга тушира олмаймиз. Эҳтимол, гапларим уларга таъсир қилмаётгандир. Рақобат бўлганда мен бошқачароқ йўл тутишим мумкин эди.
Биринчи даврадан сўнг жамоада катта ўзгаришлар бўлади. Биз ишлаймизми ёки йўқ, билмайман. Лекин таркиб кучайтирилса керак. Кўплаб асқотиши мумкин бўлган ўйинчилар ижарага бериб юборилган.