Суперлига 2-турида жамоамиз Тошкентда "Машъал"дан 3:0 ҳисобида устун келди.
Мазкур беллашувда Питер Хюистра аввалги ўйинда асосий таркибда туширилган футболчилардан Ҳожиакбар Алижонов ва Аброр Исмоиловга кичик жароҳати сабабли дам берди. Ҳужумларимиз билан бошланган баҳснинг 9-дақиқасида ҳисоб очилди. Кримецнинг ажойиб узатмасидан сўнг Сайфиев жарима майдони марказидан рақиб посбонини доғда қолдирди - 1:0. Ушбу голдан кейин тўлиқ ташаббусга эришган "Шерлар" кетма-кет кескин ҳолатларни юзага келтиришди. Рашидовнинг икки вазиятдан тепган тўпи голга айланмади. 36-дақиқада жуда чиройли ҳужум самара келтирди. Муҳиддинов ва Черан "девор" услубида рақиб ҳимоясини ёриб ўтишди. Драганнинг ерлатиб тепган тўпи дарвоза тўрига бориб тушди - 2:0. Биринчи бўлимда Қувватов бир вазиятда рақибнинг аниқ зарбасидан кейин маҳорат кўрсатиб, тўпни қайтариб юборди.
Иккинчи бўлимда ҳам яққол устунлик жамоамизда сақланиб қолди. 59-дақиқада Дердийок қолдирган тўпни қабул қилиб олган Рашидов учинчи тўпни киритди. Сардорнинг 18 метрлардан зарбаси дарвоза бурчагидан жой олди. 3:0 натижаси ўйин охиригача ўзгармади. "Пахтакор" Суперлиганинг иккала турида ҳам рақиб дарвозасини уч мартадан ишғол қилган ҳолда ғалабаларини нишонлади.
"ПАХТАКОР" - "МАШЪАЛ" - 3:0 (1:0)
15 март. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 1679 томошабин.
Ҳакамлар: А.Шукуруллаев, Б.Канназаров, Ж.Сарсенов, Д.Раҳмонов.
Назоратчи: Б.Тоғаев.
Комиссар: Р.Илясов.
"Пахтакор": Қувватов, Сайфиев, Аъзамов, Кримец (Анзур Исмоилов, 65), Йўлдошев, Собирхўжаев, Муҳиддинов, Турғунбоев (Эркинов, 65), Черан (Иминов, 76), Рашидов, Дердийок.
"Машъал": Носиров, Акрамов, Нормуродов, Ифеанйи, Ибе (Саъдуллаев, 59), Муртазоев (Усмонов, 67), Шайманов (Онониву, 59), Убайдуллоев, Абдураимов, Қўзиев, Шукуруллаев.
Голлар: Сайфиев, 9 - 1:0. Черан, 36 - 2:0. Рашидов, 59 - 3:0.
Огоҳлантириш: Абдураимов, 45.