Жамоамиз Самарқандда кечган беллашувда Драган Чераннинг ягона голи эвазига "Насаф"дан устун келди.
Питер Хюистра расмий дебютида сафга янги қўшилган футболчилардан Турғунбоев ва Рашидовни бошланғич таркибда туширди. Тактик схема 4-5-1 кўринишини олди. Илк 15 дақиқада рақиб кескин босим ташкил қилиб, дарвозамиз олдигача прессинг уюштиришга уринди. Бурчак зарбасидан кейин қаршиликлар йўллаган аниқ тўпларни Қувватов ва Алижонов қайтариб юборишга эришди. Бўлим ўрталарига келиб ўйин назоратини қўлга олган жамоамиз кескин вазиятлар содир этишга тушди. Турғунбоевнинг аниқ зарбасидан сўнг рақиб посбони тўпни қайтарди. Рашидов ва Дердийокнинг хавфли уринишларига озгина аниқлик етишмади. Тенг курашлар остида ўтган биринчи бўлимда дарвозаларга гол урилмади.
Иккинчи бўлим бошида Сайфиевнинг чиройли рейдидан кейин ҳисоб очилди. Чап қанотдан ҳужумга қўшилган Фарруҳ охиригача кураш олиб борди ва жарима майдони марказига узатма берди. Бу ерда ҳимоячилар таъқибидан холи бўлган Черан яқин масофадан ерлатиб аниқ зарба йўллади - 1:0.
Голдан сўнг янада руҳланган жамоамиз ўйинни назорат қилишда давом этди. Тезкор ҳужумларда Черан, Дердийок, Собирхўжаев, Рашидовнинг хавфли зарбалари ҳимоячилар томонидан қайтарилди. Кичик ҳисобдаги ғалабани сақлаб қолган "Пахтакор" Ўзбекистон Суперкубогида илк бор зафар қучди ва ўзининг ички мусобақаларда 28-совринини қўлга киритди.
"ПАХТАКОР" - "НАСАФ" - 1:0 (0:0)
6 март. Самарқанд. "Динамо" стадиони.
Ҳакамлар: В.Агишев, Р.Серазитдинов, Т.Гайнулин, Р.Каримов.
Назоратчи: Б.Ҳайдаров.
Комиссар: Ж.Раҳматуллаев.
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Анзур Исмоилов, Кримец (С), Сайфиев, Аброр Исмоилов, Собирхўжаев (Темиров, 87), Турғунбоев (Эркинов, 90+3), Черан, Рашидов, Дердийок (Муҳиддинов, 79).
"Насаф": Неъматов, Алиқулов, Ғайбуллаев (Маннонов, 60), Хўжамбердиев (Комилов, 78), Норчаев, Нуруллоев (Йўлдошев, 46), Мозговой, Насруллаев, Бозоров, Станоевич, Эшмуродов.
Гол: Черан, 50 - 1:0.
Огоҳлантиришлар: Нуруллоев, 12. Бозоров, 16. Алиқулов, 71.