"Пахтакор" бош мураббийи Питер Хюистра янги мавсум бошланиши олдидан матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
Хюистра: - Барчага бу ерга келганингиз учун раҳмат айтаман. Мавсум бошланишидан аввал ОАВ вакиллари билан учрашиш ва мулоқот қилиш ёқимли. "Пахтакор" бош мураббийи сифатида биринчи марта сизлар билан бундай учрашувда иштирок этяпман. Охирги тўрт йилда "Пахтакор"да ишлаяпман, клуб ва ўзбек футболини яхши биламан. Иш мен учун янги эмас, лекин чақирувни янги деб айтишим мумкин. Сизлар билан мухлисларга ўз фикрларимизни етказамиз. Шота Арвеладзе билан ишлаган давримизда биз "Пахтакор" билан янги даражага чиқа олдик деб ўйлайман. Икки йил ичида барча ички совринларга эга чиқдик. Чемпионлар Лигасида энг кучли саккиз жамоа қаторидан ўрин олдик. Ўсиш учун раҳбарият, Шота ва барча ходимларга раҳмат айтаман. Ҳозир эса Арвеладзе жамоани тарк этгач, биз ўйин фалсафасини сақлаб қолиб, янада ўсишга интилишимиз зарур. Осиёда энг яхши даражага чиқишга ҳаракат қиламиз. Хорижлик мутахассислар ўзбек футболчилари ҳақида жуда илиқ фикрлар билдиришади. Чемпион сифатида бизда масъулият бор, ортимиздан барчани юқори марра сари етаклашимиз керак. Ўзбек футболининг ривожланиши, Суперлига, клублар ва терма жамоалар, ҳомийлар келишини кўпайтириш учун барчамиз ҳамжиҳат ишлашимиз керак. Ўзбек футболи катта имкониятга эга. "Пахтакор" ва бошқа жамоаларда ўсиш учун потенциал мавжуд. "Олимпик" жамоасида 60 фоизга яқин ўйинчи "Пахтакор" тарбияланувчилари ва футболчилари саналади.
Миллий терма жамоани муҳим ўйинлар кутмоқда ва у ерда кўплаб футболчиларимиз ўйнайди. "Пахтакор" доим босим остида бўлади, биздан кўп нарса кутишади. Бош мураббий сифатида вазифам ўйинчиларни юқори даражада ушлаб туриш. Шанба куни мавсумни бошлаймиз. Икки марта "Насаф" билан ўйнаймиз. Ўтган мавсум энг юқори поғона эгалари мавсумни очиб беришади. Бу ўзига хос қизиқ синов.
Ҳар мавсумда жамоалар сафида ўзгариш рўй беради. "Пахтакор" ҳам баъзи футболчиларга кетишга рухсат берди, чунки уларга манфаатлироқ таклифлар бўлди. Янги ўйинчилар сафимизга келиб қўшилди ва меъёрни сақлашга уринамиз.
Таркибимизга бир неча ўйинчиларни қўшиб олдик. Иминов ва Йўлдошев эса ижарадан қайтишди. Улар яхши потенциалга эга футболчилар, бу рақобат кучайишига хизмат қилади. Ҳимоя ва ярим ҳимояда савиямиз пастга тушмаган, биз даражани сақлаб қолдик деб ўйлайман. Фақат ҳужумда йўқотиш мавжуд. Тезроқ жамоани жипслаштириб, яхшироқ савияга чиқиб олишимиз керак. Чобанов, Азмиддинов, Холдорхонов ва Холматов каби ёшлар эса асосий жамоа билан тўлиқ шуғулланиб, тажриба ошириб боришмоқда. Эркинов эса бемалол асосий таркибдан ўрин олишга даъвогарлардан бири.
U-21 ва биринчи лига жамоалари ўтган йили фаолият олиб борганди. Биринчи лига жамоаси Про лигага йўлланма олганди, бироқ кўплаб футболчилар "Олимпик" клубига жалб этилгани сабабли биринчи лига жамоаси фаолияти тўхтатилди. Асосий таркиб ва U-21 таркиби биргаликда шуғулланади.
Тўрт муҳим жиҳат мавжуд: Суперкубокни қўлга киритиш, Суперлигада чемпионликни ҳимоя қилиш, Чемпионлар Лигасида муваффақиятли иштирок этиш, ўйинчиларни миллий терма жамоага яхши ҳолатда тайёрлаб бериш. "Пахтакор" бош мураббийи катта масъулиятга эга эканини тушунаман, нафақат ўзим, балки ўйинчилар учун ҳам жавобгарман. Бу тўғридан-тўғри терма жамоага таъсир қилади. Ўзбек футболи ривожига кичик ҳиссамни қўшишга тайёрман.
"Пахтакор" ҳозиргача Суперкубокда зафар қучмаган. Жамоа бу совринни қўлга киритиш иштиёқида турибди. Ҳар бир янги мураббий ўз услуби, фалсафа ва янгилигини олиб киради. Ушбу мураббий ўзбек футболи учун янги Кройффни тарбиялаб бера оладими?
- Ўйинчиларни, тизим, фалсафани яхши биламан. Мен учун кўп ўзгариш йўқ. Чунки ушбу фалсафа мен севган услуб. Ишда катта ўзгаришлар йўқ деб айтишим мумкин. Фақат энди клуб вакили сифатида кўпроқ ОАВ билан мулоқотда бўламан. Умид қиламанки, Кройффдек футболчи пайдо бўлади. Ҳар бир клуб ўзининг ёшлар жамоалари, академияларига эътибор бериши керак. Доим ёшлар билан ишлаб келганман. Бу клуб учун келажакка қўйиладиган энг яхши қадамдир. "Пахтакор"да ҳамиша кўплаб иқтидорлар бўлган. Академия билан ишлашда давом этамиз, ёшларнинг меҳнат қилаётганини кўриш доим ёқимли.
Мавсумга ҳозирлик жараёнидан кўнглингиз тўлдими?
- Бу жараён ҳамиша қизиқарли. Биз хорижда йиғин ўтказдик, футболчилар бош мураббий билан яқинлашиши, жамоанинг бир-бирига мослашишида бу катта аҳамиятга эга. Янги ўйинчилар мослашиб боради. Жамоа ва таркиб билан баъзи синовларни амалга ошириб кўриш мумкин. Ёшлар асосий жамоа муҳитини ҳис қилишади. Баъзи футболчилар "Спартак" ва "Зенит"га қарши баҳсларда бошқа даража, тезлик, жисмоний имкониятларни кўришди. Бу улар учун яхши тажрибага айланади. Ўз устида ишлаш кераклигини ҳис қилишади.
Жамоа ҳужум чизиғида муаммо бор ҳолда нега бошқа клубларга ҳужумчиларини бериб юборди?
- Ҳамиша танлов имкониятига эгамиз. Баъзан футболчи кўпроқ ўйнаши ёки ўсиши учун бошқа клубларга бериб юборишга тўғри келади. Бу уларнинг келажаги учун муҳим. Биз турли хил вариантларни синаб кўришимиз мумкин. Эрен майдонга туша олмайдиган тақдирда бошқа ўйинчилардан фойдаланишга интиламиз. Трансфер ойнаси ҳали ёпилмади. Ҳужумчи қидириш ишлари давом этмоқда. Ўтган йилга нисбатан таққослаганда, ҳужумда муаммо бор, тўғри. Бошқа тарафдан бу мен учун енгиб ўтишим керак бўлган чақирув.
Чемпионлар Лигаси марказлашган ҳолатда ўтиши қандай таъсир қилиши мумкин?
- Бундай мусобақа ўзгача ўтади, жамоалар бир меҳмонхонада яшайди, бир-бирини кўради ва ўйинларда иштирок этишади. Турнирнинг ўзига бор эътиборни қаратасиз. Рақибларни тўлиқ ўрганиб чиқасиз. Жамоани дарҳол навбатдаги учрашувга тайёрлаш талаб этилади. Сафар билан боғлиқ муаммолар йўқ бўлади. Ёқимсиз тарафи эса шундай катта ўйинларни уйда ўйнай олмаслигимиз. "Садд" ва "Шабаб"га қарши беллашувларни яхши эслайман. Стадион деярли тўлганди ва бундай муҳитда ўйнаш жамоага қўшимча иштиёқ беради. Бундай муҳитни соғиндик.
Суперлигада "Пахтакор" яққол етакчи. Чемпионлик учун курашда жамоангизга қаршилик қиладиган бирор рақобатбардош жамоа борми?
- Бошқа жамоаларда ҳам ўзгариш бўлган, мавсум бошланмасдан олдин бирор рақибни яхши билмайсиз. Ким қандай тайёр эканини билиб бўлмайди. Ҳамиша бирор чемпионатда 7 жамоа чемпион бўлиш ҳақида ўйлайди. 5-6 турдан кейин қандайдир хулосага келиш мумкин. "Насаф" деярли ўтган йилгидек кучли деб ўйлайман. "Локомотив", АГМК, "Бунёдкор", "Навбаҳор" ҳам кучли. "Қизилқум" билан назорат ўйинида тўқнаш келдик. Уларда ҳам жуда яхши жамоа мавжуд.
Бош мураббий сифатида олдингизга қўйган аниқ мақсад қандай?
- Ҳар бир кейинги ўйинни ютиш. Футболда ҳамиша кейинги баҳсни ўйлайсиз. Шу орқали кўплаб ўйинларни ютиш орқали чемпионат ва бошқа турнирларда зафар қучасиз.