Унга кўра, деярли барча жиҳатлар бўйича "Пахтакор" вакиллари энг яхшилар қаторида тақдирланишди. Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси ва футзалчиси, Суперлиганинг энг яхши мураббийи, футболчиси ва тўпурари "Шерлар" вакиллари экани қувончлидир. Жалолиддин Машарипов Ўзбекистонда ҳам, Суперлигада ҳам йилнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Йил давомида ажойиб ўйин намойиш қилган Жалолнинг меҳнатлари тан олинди.
Шота Арвеладзе Суперлигада энг яхши мураббий деб топилди. У билан жамоамиз жорий мавсум Ўзбекистондаги ҳар икки мусобақада зафар қучди. Драган Черан эса Суперлига тўпурарилигини қўлга киритиб бўлганди. Рамзий жамоа сафидан 4 нафар футболчимиз ўрин олди - Егор Кримец, Фарруҳ Сайфиев, Драган Черан ва Жалолиддин Машарипов.
"Пахтакор" футзалчиси Акбар Усмонов йилнинг энг яхши футзалчиси деб топилган бўлса, "Пахтакор" мухлислар клуби фидоийлик рамзи сифатида тақдирланди. 2020 йил "Пахтакор" учун нафақат жамоавий, балки шахсий совринлар борасида ҳам тарихий йилга айланди.