"Шерлар" Ўзбекистон Кубоги финалида АГМКдан 3:0 ҳисобида устун келиб, мусобақанинг 13 карра ғолибларига айланишди.
Ўйинни Фарруҳ Сайфиев дисквалификация, Игорь Сергеев кичик жароҳат сабабли ўтказиб юборди. Дастлабки дақиқаларда рақиб юқори прессинг қўллаган ҳолда қаршилик кўрсатишга интилди, лекин бўлим ўрталаридан кейин ташаббус тўлиғича жамоамиз тарафига ўтди. 11-дақиқада Ҳамдамовнинг яқин масофадан тепган тўпини АГМК дарвозабони қийинчилик билан қайтарди. Бир оздан кейин Аброр Исмоиловнинг зарбаси ноаниқ чиқди. 28-дақиқада эса ҳисоб очилди. Ҳамдамов ўз қанотида рақиб футболчисини алдаб, тўпни Черанга аниқ оширди. Драган эса жарима майдони марказидан аниқ зарба берди - 0:1. Биринчи бўлимда натижа ўзгармади.
Иккинчи бўлимда биринчи ҳужумдаёқ "Пахтакор" орадаги фарқни оширди. Машарипов узатган тўпни Черан боши билан дарвозага йўллади ва дублини нишонлади. Тез орада ўйин тақдири амалда ҳал бўлиб улгурди. АГМК ҳимоячиси Раҳмонов тўпни қўли билан қайтаргани сабабли ҳакам Зокир Қодиров ВАРга мурожаат қилгач, пенальти белгилади. 11 метрлик зарбани Машарипов Паненка услубида - тўпни оҳиста дарвоза марказига йўллаган ҳолда амалга оширди - 0:3. Шундан сўнг ўйинни хотиржам назорат қилган жамоамиз йирик ҳисобда ғалабани сақлаб қолди ва "Пахтакор" Ўзбекистон Кубогининг 13 карра соҳибига айланди.
АГМК - "ПАХТАКОР" - 0:3 (0:1)
20 декабрь. Наманган. "Марказий" стадион. 3579 томошабин.
Ҳакамлар: Зокир Қодиров (Навоий), Руслан Серазитдинов (Тошкент), Руслан Самандаров (Навоий), Шавкат Насибуллаев (Наманган).
Назоратчи: Владислав Цейтлин (Тошкент).
АГМК: Раҳимов, Шораҳмедов, Раҳмонов, Жўраев (Қосимов, 74), Григалашвили (Аманов, 62), Тошматов (Раҳматов, 46), Абдураҳимов (Умаров, 74), Ватсадзе (Полвонов, 62), Жокич, Йўлдошев, Ғафуров.
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Анзур Исмоилов, Кримец, Комилов (Козак, 89), Ҳамробеков, Аброр Исмоилов (Собирхўжаев, 72), Ҳамдамов (Эркинов, 72), Черан (Сидиқов, 83), Машарипов, Дердийок.
Голлар: Черан, 28 - 0:1. Черан, 46 - 0:2. Машарипов, 59-пен - 0:3.
Огоҳлантириш: Раҳмонов, 58.